Бугун 12 сентябрь, 2025 йил, жума

O'ZB

Юртимизда пора олмоқчи бўлган давлат хизматчилари ДХХ томонидан қўлга олинди

Юртимизда пора олмоқчи бўлган давлат хизматчилари ДХХ томонидан қўлга олинди


Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамкорлигида коррупцияга қарши курашиш йўналишида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида, айрим мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.

Хусусан, Андижон вилояти Бўстон тумани ҳокимининг инвестиция ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари ўзаро тил бириктириб, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, тумандаги фермер хўжаликнинг 500 минг АҚШ долларлик экспорт режасини сохта экспорт операциялари орқали ёпиб бериш эвазига 65 млн. сўм миқдорида пора талаб қилишган.

Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари жорий йилнинг август ойида сўралган пулнинг 25 млн. сўмини аванс сифатида олади. Қолган қисмини эса, яъни 40 млн. сўмни туман ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари орқали олаётган пайтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в”, “г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланди.

Бошқа ҳолатда эса фуқаро Давлат хавфсизлик хизмати “Call маркази”га мурожжаат қилиб, 2 нафар шахс ўзларининг ҳокимликда юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Сергели туманида жойлашган МЧЖга тегишли 1 гектар ер майдонининг тоифасини ўзгартириб, у ерда кўп қаватли уй-жой қуришга рухсат олиб бериш эвазига 900 минг АҚШ доллари талаб қилишганлигини айтади.

Тошкент шаҳрининг Миробод туманида ўтказилган тезкор тадбирда ноқонуний йўллар билан бойлик орттириш ниятида бўлган “уддабурон”лар олдиндан 220 минг АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланди.

Қашқадарё вилоятида истиқомат қилувчи фуқаронинг мурожаати асосида ДХХ ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Қарши шаҳрида жойлашган “Ватанпарвар” ташкилотининг вилоят кенгаши раиси ўринбосари ариза муаллифининг ўғлига имтихонсиз ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш эвазига, хизмат хонасида 20 млн сўм пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Киритилди: 08:50 09.09.2025. Ўқилди: 923 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!