Кўк кит сут эмизувчиларидан бўлиб, ер юзидаги энг катта жонивор ҳисобланади. Унинг узунлиги 33 метр, оғирлиги 150-170 тонна келади.
Юрагининг оғирлиги 600 килограмм атрофида бўлади. Тилининг оғирлиги 2 тоннага яқин. Яъни ўртача катталикдаги автомобилга тенг келади. Томирлари шу қадар каттаки, ичидан инсон юриб ўтиши мумкин.
Кўк кит шунчалик катта бўлишига қарамай, у узунлиги 5 см келадиган крил номли денгиз планктонлари (қисқичбақа кўринишидаги майда жонзотлар) билан озиқланади. Кит бир кунда 40 миллионта крил истеъмол қилади. Бу ўртача 3 ярим тоннадан ортиқ озуқа дегани.
Кўк кит 50 йилдан ортиқроқ умр кўради. Одатда улар табиий сабаблар, йиртқич балиқлар (касаткалар ва акулалар) жамоасининг ҳужумлари, кемаларнинг бориб урилиши, уммон сувининг ифлосланиши ва уларни овланиши натижасида ўлади. Олдинлари овчилар уни ёғи, гўшти ва бошқа маҳсулотлар олиш учун овлашган. Ҳозирги кунда бу жониворни овлаш қонун билан таъқиқланган.
Кўк кит уммонда соатига 30 километр тезликда суза олади. У овқат излаб 500 метргача сув остига тушиши мумкин.
Урғочи кўк кит ҳар уч йилда бир марта бола туғади. Унинг ҳомиладорлик даври 11-12 ойни ташкил этади. Урғочи кўк кит одатда фақит битта жуфти билан яшайди. Кўк китнинг юраги 10 тонна қонни ўтказади.
Кит ёшига қараб турлича нафас олади. У тинч ҳолатда бир дақиқада 1-4 марта нафас олади. Узунлиги 18 метрли кит икки дақиқада 5-10 марта нафас олса, 22 ярим метрли кит 12,5 дақиқада 7-11 марта нафас олади. Вояга етган кўк кит бир дақиқада 3-6 марта нафас чиқаради (ҳавони фонтан кўринишида отади).