5 июнга ўтар кечаси Азов денгизининг Таганрог қўлтиғида дронлар ҳужуми оқибатида Туркиядан Ростов-Дон шаҳрига кетаётган “Натра” ва “Зирcон” кемаларига зарба берилди. Ҳужум оқибатида кемаларда ишлаётган беш нафар Озарбайжон фуқароси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Minval нашри хабар берди.
Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги икки хорижий юк кемасига қилинган дрон ҳужуми оқибатида беш фуқароси ҳалок бўлганини тасдиқлади. Вазирлик маълумотига кўра, хорижий кемаларда жами 25 нафар Озарбайжон фуқароси бўлган. Ҳар иккала кема ҳам хорижий давлатлар байроғи остида сузган. Кемаларнинг Озарбайжон давлатига ҳеч қандай алоқаси йўқлиги қўшимча қилинди.
Россия томонидан олинган маълумотларга кўра, ҳужумда беш киши ҳалок бўлган, яна уч нафар Озарбайжон фуқароси жароҳатланган. Омон қолганлар ва жароҳатланганлар Ейск шаҳри портига ҳамда шаҳар касалхонасига етказилган.
Ҳозирда Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги тегишли давлат идоралари ва хорижий органлар билан алоқа ўрнатган. Мамлакатнинг Россиядаги элчихонаси ходимлари воқеа жойига етиб борган. Вазирлик фуқароларнинг аҳволини мониторинг қилмоқда. Уларга зарур консуллик ёрдами кўрсатилиши ва ватанга қайтариш чоралари кўрилиши таъкидланди.
Аввалроқ Украина Қуролли Кучларининг дронлари Азов денгизида Ростов вилоятидан Краснодар ўлкасига кетаётган россиянинг "Волго-Балт" дон ташувчи кемасига ҳужум қилган эди. Бир экипаж аъзоси ҳалок бўлди.