Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Юқумли касалликлар шифохоналарида ОИВ инфекцияли беморларни стационар шароитда даволаш учун бемор ўринлари ажратиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан юқумли касалликлар шифохонасига стационар даволаш учун кўрсатмалар;
вилоятлар юқумли касалликлар шифохоналари ОИВ инфекциясига чалинган беморларни даволаш учун ажратилган 10 ўринли бўлимдаги беморларни даволаш учун дори воситалари ва тиббий ашёларга бўлган умумий эҳтиёжи тасдиқланиши мумкин.
Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари ва ҳудудий ОИТСга қарши кураш марказлари бош шифокорларига:
ҳудудий юқумли касалликлар шифохоналарида ОИВ инфекцияли беморларга малакали стационар ёрдам кўрсатишни ташкиллаштириш учун 10 та бемор ўрни ажратилиб, ҳудудий ОИТСга қарши кураш марказлари билан амалий ва методик узвийликни таъминлаш;
ОИВ инфекцияли беморларни юқумли касалликлар шифохоналарига белгиланган кўрсатмалар асосида қабул қилинишини таъминлаш топширилади.
Молия вазири, Қорақалпоғистон Республикаси молия вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бошқармаларининг бошлиқлари, соғлиқни сақлаш вазири, Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаларининг бошлиқлари:
ОИВ инфекцияли беморларда оппортунистик инфекцияларни даволаш учун керакли дори-дармонларни шифохонанинг харажатлар сметасида кўзда тутади;
ОИВ инфекцияли беморларда оппортунистик инфекцияларни даволашда уларни парҳез таомлар билан таъминланишига алоҳида эътибор қаратади ва сарф-харажатлар сметасида эътиборга олади;
ОИВ инфекцияли беморларни стационар шароитда даволаш ва уларни парваришлаш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2018 йил 18 майда тасдиқланган 06-4/220-сонли “Республика ва вилоят (Тошкент шахар) юқумли касалликлар шифохоналарининг (марказлар ва клиникалар) тиббиёт, фармацевтик ва бошқа ходимларининг штат нормативлари” асосида иш ўринларини ажратади;
ОИВ инфекцияли беморларни даволаш ва парваришлаш билан боғлиқ бўлган тиббиёт ходимларига маош тўлашни Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 276-сонли “Тиббиёт ходимларини меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирган тизимини тасдиқлаш” тўғрисидаги қарори асосида ташкил этади;
тиббиёт ходимларининг саломатлигини муҳофаза қилиш ва шифохона ички инфекцияларини олдини олиш мақсадида бўлимларни мунтазам равишда бир маротабалик тиббий воситалар билан узлуксиз таъминлаш чораларини кўради.
Юқумли касалликлар шифохонасига стационар даволаш учун кўрсатмаларга кўра, юқумли касалликлар шифохонасига стационар даволаш учун қуйидаги ҳолларда рухсат берилади:
а) ОИВ инфекциясига чалинган беморлар диспансер йулланмаси асосида йилда 1 маротаба профилактик текширув учун;
б) ОИВ-инфекцияси фонида кечадиган қуйидаги оппортунистик касалликларни даволаш учун:
ангуляр хейлит;
ўраб олувчи темиратки;
тирноқларнинг замбуруғли зарарланиши;
сабабсиз вазн йўқотиши;
терининг қичитувчи папулез тошмаси;
оғиз бўшлиғининг қайталанувчи яралари;
нафас йўлларининг қайталанувчи инфекцияси (синусит, ўрта отит, бронхит, фарингит, трахеит);
ўткир ярали-некротик стоматит, гингивит, пародондит;
орофарингеал кандидоз ёки қайталанувчи орал кандидоз;
номаълум этиологияли диареялар;
гематологик ўзгаришлар (камқонлик гемоглобин 50г/лдан юқори, тромбоцитопения);
зотилжам асоратсиз;
қизилунгач кандидози ёки пастки нафас йўллари кандидози;
терининг сурункали впг инфекцияси;
сурункали криптоспоридиоз (лаборатор тасдиқланган);
сурункали изоспориаз (лаборатор тасдиқланган);
ўпкадан ташқари криптококкоз (лаборатор тасдиқланган);
цитомегаловирус инфекцияси: ретинит (офтальмолог фундоскопия-хулосаси билан), колит ёки эзофагит (лаборатор тасдиқланган);
вич-кахексия;
пневмоцистли зотилжам (pneumocystis jirovecii қўзғатган зотилжам) (енгил ва ўрта оғир шакллари); токсоплaзмоз (лаборатор тасдиқланган)–марказий нерв тизими зарарланиши билан кечиши, ретинит (офтальмолог фундоскопия хулосаси билан);
аллергодерматит.
в) ОИВ фонида кечадиган АРВ препаратларининг ножўя таьсирларини даволаш учун:
г) ОИВ фонида кечадиган АРВ препаратларининг самарасизлигини аниқлаш учун.
Юқумли касалликлар шифохонасига стационар даволаш учун қуйидаги шахсларга рухсат берилмайди:
а) ҳудудий ОИТСга қарши кураш маркази томонидан йулланмаси йўқ бўлган беморлар;
б) сил касаллигини инкор этувчи фтизиатр хулосаси бўлмаган беморлар;
в) ОИВ фонида спиртли ичимликлар ёки гиёҳванд моддалар истеъмол қилиб келган шахслар;
г) ОИВ фонида кечадиган барча турдаги сурункали соматик касалликлар, жумладан, психо-неврологик, нефрологик, аллергологик, гематологик, юрак-касалликлари, онкологик, тери таносил касалликлари, суяк-бўғим касалликлари, кўз касалликлари, сил касалликлари, ҳомиладорлик билан боғлиқ касалликлар ва бошқа сурункали касалликларга чалинган беморлар.
Manba: kun.uz