Бугун 9 май, 2026 йил, шанба

O'ZB

ЮНЕСКО билан Марказий Осиё музликларини ҳимоя қилиш борасида ҳамкорлик ўрнатилди

ЮНЕСКО билан Марказий Осиё музликларини ҳимоя қилиш борасида ҳамкорлик ўрнатилди

Остонада бўлиб ўтган Минтақавий экологик саммитда ЮНЕСКО ва Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида Марказий Осиё мамлакатларининг иқлим ўзгаришларига барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган йирик минтақавий лойиҳа расман ишга туширилди.

“Марказий Осиё мамлакатларининг барқарорлигини мустаҳкамлаш мақсадида нивал-глациал тизимларини баҳолашда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва иқлим ўзгаришларига мослашишнинг комплекс усулларини ишлаб чиқиш” номли ушбу лойиҳа Марказий Осиёнинг беш давлати: Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонни бир нуқтага бирлаштиради.

Лойиҳа Глобал экологик фонд, БМТ Тараққиёт дастури ва ЮНЕСКО ҳамкорлигида амалга оширилади ва қуйидаги 5 та асосий йўналишни қамраб олади:

— музликлар, қор қоплами ва абадий музлик тўғрисидаги ягона маълумотлар базасини шакллантириш;
— миллий ва минтақавий ҳаракат режаларини ишлаб чиқиш;
— криосферани кузатишнинг замонавий усулларини жорий этиш;
— сув ресурсларини бошқаришда янги технологияларни синаб кўриш;
— аҳоли ва масъулларни иқлим хавфлари ҳақида хабардор қилиш.

Гидрометеорология илмий-тадқиқот институтининг лойиҳага қўшилиши Ўзбекистоннинг ушбу жараёндаги илмий салоҳиятини янада мустаҳкамлайди. Институт 30 дан ортиқ миллий ҳамкорлар, тадқиқот муассасалари, вазирликлар ва агентликлар қаторида фаол иштирок этади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Марказий Осиё музликлари сўнгги ўн йилликларда кескин қисқариб бормоқда. Бу ҳолат минтақанинг сув хавфсизлигига, қишлоқ хўжалиги ва экотизимларга жиддий таҳдид солмоқда. Лойиҳа доирасида тайёрланадиган илмий ҳисоботлар ва тавсиялар мамлакатларнинг иқлим ўзгаришларига мослашиш сиёсатини шакллантиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.

Лойиҳа ҳақида батафсил маълумотни cryosphereca.org сайтида топишингиз мумкин.

Киритилди: Бугун 11:08. Ўқилди: 229 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!