Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 81 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этиш учун Москвага боради.
Бу ҳақда президент маслаҳатчиси ва матбуот котиби Айбек Смадияровнинг расмий Телеграм каналида эълон қилинди.
Кремл яқинлашиб келаётган ташриф ҳақида аллақачон изоҳ бериб, уни Қозоғистон раҳбарининг «дўстона қадами» деб атади.
«Ташриф доирасида Қосим-Жомарт Тўқаев ва Владимир Путин ўртасида алоҳида учрашув режалаштирилган. Давлат раҳбарлари Россия президентининг май ойи охирига режалаштирилган Қозоғистонга ташрифи олдидан стратегик ҳамкорликнинг асосий масалаларини муҳокама қилишади», дейилади баёнотда.
Бироз аввал Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россияга жўнаб кетганди.
Аввалроқ Кремл веб-сайтида Москвадаги парадга таклиф қилинган хорижий раҳбарлар ва юқори мартабали меҳмонларнинг расмий рўйхати эълон қилинган эди. Бироқ, рўйхатда Марказий Осиё мамлакатлари президентлари йўқ эди.
Айни пайтда, Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков бу йил Москва 2025 йилда бўлгани каби «хорижий меҳмонларни махсус таклиф қилмаганини» айтди.