Ўтган ойда ҳам ҳайдовчиларга қатор енгилликлар берилди.
Биринчи бор ҳуқуқбузарлик қилганларни жазолаш эмас, огоҳлантириш йўлга қўйилди.
Йўл чизиқларини босиш ҳолатларини камера орқали фиксация қилиш бекор қилинди.
Жамоат транспорти учун мўлжалланган тасмаларда кечқурун бошқа ҳайдовчилар ҳам юришига рухсат берилди.
Шаҳарларда йўлларни кундузи таъмирлаш тақиқланди.
Радар бор жойда йўл белгисини ўрнатиш мажбурий бўлди.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари соҳада ўз ечимини кутаётган масалалар кўплигини қайд этди.
Мамлакатимизда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатидаги зарар ялпи ички маҳсулотга нисбатан ўртача 0,4 фоизни ташкил қилаётгани кўрсатиб ўтилди.
Ўтган йили 9 минг 364 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Ушбу мудҳиш ҳодисаларда қарийб 9 минг фуқаро жароҳат олган.
Энг ачинарлиси, авариялар туфайли 2 минг 203 нафар одам ҳалок бўлган. Энг кўп ўлим ҳолатлари Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида.