🔬 Ёз фаслида аҳоли, айниқса, болалар орасида авж оладиган мавсумий касалликлардан бири — ичбуруғ. Тиббиётда бу патология ўткир диарея, деб аталади.
❓Хўш, хасталикнинг келиб чиқиши қандай омиллар билан боғлиқ? У қайси белгилар билан намоён бўлади? Қандай хавфли асоратлари бор?
➡️ Тошкент шаҳар 5-сонли юқумли касалликлар клиник шифонаси бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Наргиза Абдуллабоева шу ҳақда маълумот берди.
💬 — Иссиқ кунларда егуликлар тез айнийди, — дейди мутахассис. — Айниқса, сут ва сут маҳсулотлари сифати қисқа муддатда бузилиши мумкин. Бу — биринчи омил.
🧼 Иккинчидан, гигиена қоидаларига риоя қилмаслик ўткир диарея келиб чиқишига сабаб бўлади. Овқатланишдан аввал қўлларни совунлаб тозаламаслик, мева-сабзавотларни ювмасдан истеъмол қилиш шулар жумласидан.
🦠 Бу ҳолат эса, бактерия ва вирусларнинг оғиз орқали организмга тушиб, ўткир юқумли ичак касалликлари қўзғалишига олиб келади.
📌 Оқибатда диареянинг илк белгилари намоён бўлади. Инкубацион давр 2 соатдан 2 кунгача давом этиши мумкин. Ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, ич кетиши, иситма, қориннинг дам бўлиши ва оғриши — касалликнинг яққол белгиларидан.
🩺 Ўткир диареяда эрта ташхиснинг аҳамияти жуда катта. Чунки даво чоралари қанча тез бошланса, самара шу қадар юқори бўлади.
🫗 Ичбуруғда бемор зарур миқдорда суюқлик қабул қилмаса, ҳатто, дақиқалар ичида аҳволи оғирлашиши эҳтимоли мавжуд. Негаки, қусиш, ич кетиши, юқори ҳарорат туфайли тананинг сувсизланиши тез содир бўлади.
🔎 Шу аснода беморларда пешоб ажралиши тўхтаб, буйрак етишмовчилиги жараёни бошланиши мумкин. Қолаверса, сув баланси камайиши туфайли қон босими кескин тушиб кетади.
✅ Айни сабабдан, болаларда ўткир диарея кузатилса, тезроқ шифокор қатъий назорати остида танада йўқотилган сув ўрни ўз вақтида қоплаш чораларини кўриш лозим.
‼️ Хасталикнинг эрта босқичида ҳеч қандай томчи дориларсиз вазиятни ўнглаш мумкин. Агар ҳам қусиш, ҳам ич кетиши кузатилса, томчи муолажаларини қўллашга тўғри келади.
💉 Бироқ қусиш тўхтамай, кучли оғриқ кузатилса, уни бартараф этиш учун алоҳида муолажалар талаб этилади.
➡️ Шундай экан, ота-оналар ёз мавсумида болаларининг овқатланиш рациони, егуликлар сифати, яроқлилиги ҳамда гигиена қоидаларига эътиборли бўлишлари зарур.