Бугун 1 октябрь, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

"Ёлғон аллергия": Организм нега "алдайди?"

"Ёлғон аллергия": Организм нега "алдайди?"

Тиббиётда фақат симптомларга асосланиб ташхис қўйиб бўлмайди. Чунки кўплаб касалликларнинг белгилари ўхшаш. Шу боис шифокор беморга клиник, лаборатор, инструментал, функционал ёки молекуляр-генетик текширувларни буюриши мумкин.

Бу ҳолат аллергология соҳасида ҳам учрайди. Яққол кўриниб турган аломатлар ҳамиша аллергик патологияларга дахлдор эмас. Ҳатто, бу псевдоаллергия (ёлғон аллергия) бўлиши ҳам мумкин.

➡️ Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Илмира Разикова шу ҳақда маълумот берди.

— Псевдоаллергия – иммун тизими иштирокисиз пайдо бўладиган ҳолат, — дейди мутахассис. — Яъни, ҳақиқий аллергияда организм махсус аллергенга қарши антитана ишлаб чиқаради ва бу иммун тизимининг жавоб реакцияси орқали намоён бўлади.

Псевдоаллергияда эса антитаналар ҳосил бўлмайди, аммо аллергияга ўхшаш белгилар ривожланади. Бу ҳолат организмда гистамин моддаси ажралиб чиқишининг бузилиши ёки бошқа моддалар таъсирида келиб чиқади.

✅ Ошқозон-ичак касалликлари, баъзи озиқ-овқат маҳсулотлари, аномал ҳарорат, кимёвий қўшимчалар, совунлар, пестицидлар ва токсинлар ҳам бу патологияни юзага келтирувчи омиллардир.

🩺 Псевдоаллергияни аниқлаш учун, албатта, аллерголог-иммунолог шифокор текшируви талаб этилади. Мутахассис беморнинг касаллик тарихи ва шикоятларини ўрганади. Тегишли қон таҳлилларини олади ва иммунологик синамалар ўтказади.

❗️Бу ҳолатни келтириб чиқараётган омил аниқлангач, уни бартараф этишга қаратилган муолажалар тайинланади.

Энг кўп қўлланиладиган самарали усул парҳезга риоя қилиш, гистамин моддасини кўп ишлаб чиқарувчи маҳсулотлар истеъмолини чеклашдан иборат.

Ўз навбатида, антигистамин дори воситалари буюрилиши мумкин. Улар симптомларни енгиллаштиради. Энтеросорбентлар эса зарарли моддаларни организмдан чиқаради. Нафас олиш қийинлашганда симптоматик даво чоралари ҳам қўлланилиши мумкин.

💉 Организмдаги жигар ёки ошқозон-ичак касалликлари бўлса, уларни бартараф этиш тавсия этилади.

🏥 Айни пайтда марказимизда псевдоаллергияни илғор диагностика усуллари ёрдамида аниқлаш ва замонавий ёндашувлар асосида даволаш йўлга қўйилган.

Киритилди: 11:53 28.09.2025. Ўқилди: 880 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!