Юртимизда маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни жорий қилиш, миллий иқтисодиётимизнинг барқарор ўсиши, янги иш ўринлари яратилиши ва ички бозорнинг рақобатбардошлигини ошириш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Шу мақсадда, Ўзбекистонда биринчи марта “Ўзбеккимёмаш” заводида халқаро стандартларга мос адсорберлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ушбу қурилма заводларда табиий газни тозалашда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, илк маҳсулот Шўртан нефть-газ қазиб чиқариш бошқармасига етказиб берилди. Лойиҳа маҳаллийлаштириш дастури доирасида амалга оширилаётган бўлиб, бу нафақат ички талабни топлашга, балки экспорт имкониятларини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.
Адсорбер – табиий газни олтингугурт бирикмаларидан тозалашда ишлатилади. Улар диаметри 3 метр, деворининг қалинлиги 100 мм ва узунлиги 19 метр бўлган улкан колонна бўлиб, 63 атмосфера босимига бардош беради. Ушбу гигант қурилманинг вазни 147 тоннани ташкил қилади ва у 09Г2С-12 ГОСТ 5520-17 стандартига мувофиқ юқори сифатли пўлатдан тайёрланмоқда.
Адсорбция жараёни уч босқичда амалга оширилади:
Адсорбция: газни тозалаш.
Регенерация: тозаловчи моддаларни қайта тиклаш.
Совутиш: қурилмани кейинги циклга тайёрлаш.
Маҳаллий ишлаб чиқарилган адсорберлар табиий газ таркибидаги олтингугурт бирикмаларини тозалаш самарадорлиги ва хизмат қилиш муддати юқори бўлиб, яна 8 та қурилма Шўртан нефть-газ қазиб чиқариш бошқармасига етказиб берилади.
Адсорберлар олдин хориждан олиб келинган бўлиб, маҳаллийлаштириш дастури доирасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши уларнинг таннархини икки баробар арзонлаштириш имконини берди.
Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, ушбу маҳаллийлаштириш дастури доирасида “Ўзбеккимёмаш” заводида 1200 нафардан ортиқ малакали мутахассислар иш билан таъминланди.
Маълумот учун: Завод йилига 20 тага яқин адсорбер ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлиб, бу нафақат ички талабни тўлиқ қондириш, балки экспортни кенгайтириш орқали мамлакатимизнинг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини оширишга, юртимизда саноатни ривожлантириш, иқтисодиётни мустаҳкамлаш ва технологик мустақилликка эришишда муҳим қадам бўлиб ҳизмат қилади.