Халқаро электралоқа иттифоқи (ITU) “2024 йилги фактлар ва рақамлар” ҳисоботини эълон қилди. Тахминларга кўра, 2024 йил охиригача дунёда интернет фойдаланувчилари сони 5,5 миллиардга етади, деб хабар беради CNS ахборот агентлиги.
Ҳисоботга кўра, бу кўрсаткич дунё аҳолисининг 68 фоизини ташкил қилади. Бироқ, рақамли тафовут сақланиб қолмоқда, дунё аҳолисининг учдан бир қисми ёки тахминан 2,6 миллиард киши “офлайн” ҳолатда қолмоқда.
Таққослаш учун, 2023 йилда 2,8 миллиард одам интернетдан фойдалана олмади, бу дунё аҳолисининг қарийб 35 фоизини ташкил қилади.
Халқаро электралоқа иттифоқи Бош котиби Дорин Богдан-Мартин “ушбу ҳисобот рақамли соҳада юқори натижаларга эришган давлатлар ва паст натижаларга эришган давлатлар ўртасидаги аниқ фарқни кўрсатади”, деб таъкидлади.
Шунингдек, 2024 йилда дунё аҳолисининг 51 фоизи 5G тармоқлари билан қамраб олиниши кутилмоқда. Бироқ, юқори даромадли ва паст даромадли мамлакатлар ўртасидаги тафовут сезилади: юқори даромадли мамлакатларда аҳолининг 84 фоизи 5G тармоғидан фойдаланиш имкониятига эга бўлса, кам даромадли мамлакатларда бу кўрсаткич атиги 4 фоизни ташкил этади.