Бугун 23 май, 2025 йил, жума

O'ZB

“Яшил” саноатлаштириш бўйича Германиянинг 9 млн евро гранд маблағи жалб қилинади

A A A
“Яшил” саноатлаштириш бўйича Германиянинг 9 млн евро гранд маблағи жалб қилинади

Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) Марказий Осиё минтақавий дастурлар кластери координатори Торстен Брезина ўртасида учрашув ўтказилди.

Унда томонлар жорий лойиҳалар ҳолатини муҳокама қилди ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш бўйича ҳамкорлик йўналишларини белгилашга эътибор қаратди.

Шунингдек, унда Ўзбекистонда хусусий секторни ривожлантириш лойиҳаси ва иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатлашувлар муҳокама қилинди. Ушбу лойиҳа Иқтисодиёт ва молия вазирлигига иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва барқарор иқтисодий ривожланиш учун шарт-шароитларни таъминлашда, айниқса, “яшил” саноатлаштириш ва “яшил” иқтисодиёт бўйича давлат ва хусусий сектор салоҳиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишда кўмак беради.

Вазирлик ахборот хизматига кўра, таклиф этилаётган лойиҳа интенсив салоҳиятни ошириш, иш жойида ўқитиш, халқаро алоқалар ва билимларни узатиш орқали барқарор “яшил” иқтисодиёт ва саноат сиёсатини ишлаб чиқади ҳамда жорий этади. Лойиҳа иссиқхона газларини ўлчаш ва сертификатлаш бўйича эксперт билимларини тақдим этади. Ўзбекистоннинг СО2 сертификатлари билан халқаро савдода иштирок этишини ва Европа иттифоқининг трансчегаравий тартибга солиш механизмига мослашишини қўллаб-қувватлайди.

Лойиҳа доирасида иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига жуда мойил бўлган ҳудудлар ҳамда тармоқларни танлаш кутилмоқда.

Учрашув якунида GIZ ва вазирлик ўртасида қиймати 9 миллион евролик (гранд маблағи) “Ўзбекистонда “яшил” саноатлаштириш бўйича хусусий секторни ва иқтисодий сиёсатлар бўйича маслаҳатлар” лойиҳасини амалга оширишга доир келишув имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, томонлар ўртасидаги учрашув Дубай шаҳрида бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясининг 28-сессияси доирасида ўтказилди.

Киритилди: 15:34 07.12.2023. Ўқилди: 1179 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!