Жамият ва иқтисодиёт ривожланиши бир жойда тўхтаб турмайди. Ривожланиш ва иқтисодий ўсиш энергияга бўлган эҳтиёжнинг ортишига олиб келади. Шу боис анъанавий энергия манбалари захираларининг камайиб бориши шароитида қайта тикланувчи энергия манбаларининг инсон ҳаёти ва фаолиятидаги аҳамияти, долзарблиги ортиб бормоқда.
Мамлакатимиз аҳолисини сифатли ва узлуксиз энергия билан таъминлашда айнан ушбу йўналишда жалб қилинаётган инвестициявий лойиҳалар сони тобора кўпаймоқда.
Хусусан, яшил энергетикани янада ривожлантириш мақсадида 9 миллиард АҚШ долларилик инвестиция битимлари имзоланди.
Охирги 4-5 йилда жами қуввати 7 минг 47 мегаваттга тенг бўлган қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича халқаро компаниялар билан ҳамкорликда 21 та битим ҳамда жами қуввати 2 минг 30 мегаватт бўлган 5 та ўз эҳтиёжи учун ишлаб чиқарилган электр энергиясини транспортировка қилиш шартномаси тузилди.
Ушбу лойиҳаларнинг рўёбга чиқарилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 15 та қарор имзоланди.
Мазкур лойиҳаларнинг барчаси хорижий компаниялар томонидан тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига бажарилади.
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳаси энди-энди ривожланмоқда. Келажакда унинг самарадорлигини ошириш, экологик жиҳатдан хавфсизлигини таъминлаш учун катта миқдорда сарф-харажатлар талаб этилади. Бугунги кунда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишнинг асосий муаммоларидан бири — олинган энергияни сақлаш ва узатиш ҳисобланади. Шу каби масалаларга ечим топиш, яшил энергетикани ривожлантириш, соҳага инновацияларни жорий этишда инвестицияларга таяниш мақсадга мувофиқдир.
Ўзбекистонда яшил энергетика, яъни қуёш ва шамол электр станциялари истиқболлари учун фаол равишда инвестициялар жалб қилиниши, давлат бюджетидан молиялаштириш ишлари натижасида нисбатан арзон ва экологияга зарарсиз қўшимча энергия манбалари яратилади. Бунинг натижасида энергия истеъмолидаги умумий юкламанинг аста-секин муқобил энергия манбалари ҳисобига нормаллашиб боришига эришилади.
Муқобил энергия манбалари соҳадаги аксарият муаммоларга ечим бўла олади. Аммо уни истеъмолчиларга етказиш учун ҳам мукаммал ва эскирмаган инфратузилма керак.