Япония Иммиграция хизматлари агентлиги мамлакатда ноқонуний равишда яшаб келган икки нафар Ўзбекистон фуқаросини юртига қайтариб юборди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Токиодаги элчихонаси маълум қилди.
Элчихона тақдим этган маълумотга кўра, фуқаролар қуйидаги сабабларга кўра ҳибсга олинган ва депортация қилинган:
Биринчи ҳолат: Фуқаро Японияга «талаба» визаси билан кириб келган. Бироқ ўқишдан четлаштирилгач, мамлакатни тарк этмасдан, ноқонуний яшашда давом этган.
Иккинчи ҳолат: Фуқаро қисқа муддатли (сайёҳлик) виза билан келган ва рухсат берилган муддат тугаганидан кейин ҳам Японияда қолишга уринган.
Дипломатик ваколатхона Япония қонунчилигига кўра виза режимининг асосий талабларини эслатиб ўтди:
Сайёҳлик визаси: Қисқа муддатли виза билан келган шахсларга Япония ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш қатъиян тақиқланади.
Талаба визаси: Ушбу виза фақат таълим олиш учун берилади. Агар талаба ўқишдан ҳайдалса, унинг яшаш мақоми автоматик равишда бекор қилинади.
Элчихона хорижга кетиш истагидаги фуқароларни турли ёлғон ваъдаларга ишонмасликка чақирди. Маълум қилинишича, «туризм» ёки «талаба» визаси билан кириб, узоқ муддат ишлаш мумкинлиги ҳақидаги чақириқлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
«Ноқонуний яшаётган шахслар полиция томонидан ҳибсга олинади ва депортация қилингунга қадар иммиграция муассасасида ушлаб турилади. Бундан ташқари, Япония ҳукумати қонунбузарлар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон томонига тақдим этиб бормоқда. Бу эса қайтгандан сўнг ҳам тегишли чоралар кўрилишига сабаб бўлиши мумкин», — дейилади расмий хабарда.