Мамлакатнинг бир қанча ҳудудларида, жумладан, пойтахт Бамако ва унинг атрофидаги ҳарбий объектларда кескин тўқнашувлар юз берди. Мазкур амалиётлар учун масъулиятни "Ал-Қоида"га алоқадор гуруҳлар ва туарег исёнчилари ўз зиммасига олди. Мали армияси ҳужум қайтарилгани ва бир неча юзлаб ҳужумчилар йўқ қилинганини маълум қилди. Қуролли гуруҳлар Кати шаҳарчасидаги казармаларга, Бамако аэропортига ва шимолдаги Гао ҳамда Севаре шаҳарларига зарба берган.
Ижтимоий тармоқлардаги хабарларга кўра, шимолдаги Кидал шаҳри исёнчилар назоратига ўтган бўлиши мумкин. Вазият кескинлашгани сабабли Бамако аэропорти ёпилган, ҳукумат эса пойтахтда уч кунлик комендантлик соати жорий қилди. Ҳозирча камида 16 киши жароҳатлангани айтилмоқда, қурбонлар сони ҳақида аниқ маълумот берилмаган.
Кузатувчилар буни сўнгги йиллардаги энг йирик ва мувофиқлаштирилган амалиёт сифатида баҳоламоқда. Мали ҳукуматини қўллаб-қувватлаётган Москва ушбу ҳужумларни кескин қоралади. Россия ТИВ гуруҳларни йўқ қилиш бўйича ҳаракатлар давом этаётганини ва ушбу ҳужумларни тайёрлашда Ғарб кучларининг қўли бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Ассими Гоита бошчилигидаги Мали ҳарбий ҳукумати, Россия кўмагига таянган ҳолда, мамлакатда хавфсизликни тиклашга ҳаракат қилмоқда. Ҳужум қилган гуруҳлар эса ўз баёнотида россиялик шерикларга атайлаб зарба бермаганини ва келажакда улар билан "мувозанатли муносабатлар" ўрнатиш ниятида эканини билдирган.