Шибуя ва Шинжукуда содир этилган бир нечта жиноятлар бўйича ўзбекистонлик фуқаролар гумон қилинмоқда.
Токио Метрополитан Полицияси пойтахтда ўтган йилдан буён содир этилган бир қатор жиноятларда гумонланаётган беш нафар ўзбекистонлик эркакни қўлга олди, деб хабар бермоқда NHK.
2024-йил 30-декабр куни эрталаб соат 5:30 дан сал ўтганда, Ҳасанбой Марфжон Ўғли Дусматов (21 ёш) ва унинг шериклари Шибуя туманидаги Маруямачо кўчасида уч нафар чет эллик шахсга ҳужум қилишган.
Дусматов уларнинг бирига, 21 ёшли эркакка, юзига тепган ва кейин шериклари билан бирга умумий қиймати 210 минг иенга тенг бўлган ҳамёнлар ва сумкаларни ўғирлашган.
Жиноят (босқинчилик ва тан жароҳати етказиш) гумони билан ҳибсга олинган Дусматов “Адвокатим келмагунча ҳеч нарса демайман,” деган. Қолган тўрт гумонланувчи айбловларни инкор қилмоқда.
Дусматов ва яна уч гумонланувчи Японияда ноқонуний равишда яшаб келаётган бўлган. Жиноятдан аввал улар нишонга олинган гуруҳдаги аёл билан “танишишга” уринган (япон тилида: нампа), шундан сўнг жиноят содир этилган.
Полициянинг фикрича, Дусматов ва унинг шериклари ўтган йилнинг август ойидан буён Шибуя ва Шинжуку каби гавжум ҳудудларда кўчада ухлаётган одамлардан чўнтак ўғрилиги ва бошқа ўхшаш жиноятлар содир этган.
Улар ўғирланган кредит карталар орқали иПҳоне харид қилиб, уларни қайта сотиш орқали тахминан 8 миллион иен даромад топган бўлиши мумкин.
Полицияга кўра, гуруҳ етакчиси айнан Дусматов бўлган. У Телеграм орқали жиноятларнинг санаси ва вақтини бошқаларга етказиб турган.
Ҳозирда тергов давом этмоқда.