Япония томонидан Россияга нисбатан амалга оширилаётган «дўстона бўлмаган ҳаракатлар» Москва томонидан мутаносиб жавоб чораларисиз қолмайди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова маълум қилди.
Захарованинг таъкидлашича, Россия томонининг жавоб чоралари, аввало, Япония учун манфаатли бўлган соҳаларга қаратилган бўлади.
Россия ТИВ вакили маълум қилишича, 2 октябрь куни Токио Россияга қарши навбатдаги, 27-пакет чеклов чораларини эълон қилган. Янги чоралар 33 та Россия юридик шахси ва 9 нафар жисмоний шахсига, шунингдек, хориждаги қатор компанияларга нисбатан жорий этилган.
Захарованинг сўзларига кўра, Япониянинг навбатдаги чоралари илк бор денгиз ташувлари соҳасига нисбатан чекловларни ҳам ўз ичига олган.
Россия ТИВ расмий вакили Токио мазкур қарорлари билан халқаро ҳуқуқ ва икки томонлама келишувларга нисбатан муносабатини яна бир бор намоён этганини билдирди.
Захарова, шунингдек, Россия ва Япония ўртасида 1957 йилда тузилган Савдо шартномасида савдо кемалари ва экипажлари учун тегишли кафолатлар белгиланганини қайд этди. Унга кўра, савдо кемаларига нисбатан учинчи давлатлар кемалари учун қўлланиладиган шартлардан кам бўлмаган даражада қулай шароитлар таъминланиши кўзда тутилган.
Россия ТИВ маълумотига кўра, Москва Япониянинг янги чекловларига жавоб чораларини ишлаб чиқмоқда.