Агентликнинг хабар беришича, Япониянинг шимолий ҳудудларида апрел ойидан бери айиқлар ўнлаб одамларга ҳужум қилган, ҳужумга учраганларнинг 12 нафари ҳалок бўлган.
Ҳукумат маълумотига кўра, жорий йилнинг бошидан бери аҳоли пунктлари яқинида 8 мингдан ортиқ ҳолатда айиқлар қайд этилган, бу ўтган йилга нисбатан олти баравар кўп. Вазият энг оғир бўлган Акита префектурасида аҳолининг кўпчилиги қуёш ботгандан кейин уйдан чиқишга қўрқмоқда ва ўрмон йўлларидан четлаб ўтишга ҳаракат қилмоқда.
Япония бош вазири Санаэ Такаити раҳбарлигидаги ҳукумат фуқаролик хизматларига ёрдам бериш учун армияни жалб қилишга қарор қилди.
Қайд этилишича, ҳарбий хизматчилар қуроллар билан эмас, балки махсус ҳимоя воситалари — қалқонлар, тўрлар ва махсус спрейларга эга. Ҳарбийларнинг вазифаси тузоқлар ўрнатиш, тутилган ҳайвонларни ташиш ва овчиларга ёрдам беришдан иборат, аммо уларнинг ўзлари ов қилмайди.
Мутахассислар ҳужумларнинг кучайишини иқлим ўзгариши ва қишлоқ жойларнинг бўшаб бориши билан боғламоқда. Озиқ-овқат танқислиги сабабли айиқлар одамлар яшайдиган жойларга тобора кўпроқ тушиб келмоқда, мамлакатда эса овчилар сони аста-секин камайиб бормоқда.