Бугун 13 май, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги коррупциядан холими? Ҳоким шу ва бошқа саволларга жавоб берди

A A A
Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги коррупциядан холими? Ҳоким шу ва бошқа саволларга жавоб берди

Янгиҳаёт туман ҳокими Ҳаёт Иногамов билан суҳбатлашдик. Суҳбат давомида ҳоким Янгиҳаёт туманидаги жараёнлар ҳамда бошқа соҳаларда ўз фикрларини билдирди.

— Авваламбор ассалому алайкум, Ҳаёт Илясович. Янгиҳаёт тумани ташкил этилганига кўп бўлмади. Бироқ, ҳали “ёш” бўлишига қарамасдан, бир қанча рейтинглардаги юқори натижаларда ушбу туман номига гувоҳ бўляпмиз. Айтингчи, туманнинг ташкил этилиши қандай содир бўлди ва бу ўзгариш ўша ҳудудда яшовчи аҳоли учун қандай афзалликлар берди деб ҳисоблайсиз. Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги коррупциядан ҳоли-шаффоф ҳокимият бўлади оладими?

Ассалому алайкум, саволингиз учун раҳмат. Қайд этиш лозимки, Тошкент шаҳрининг жанубий ғарбий минтақасида 2017 йилдан кейин 460 дан ортиқ турар-жой массивлари барпо этилиб, ушбу хонадонлар Тошкент шаҳри аҳолисининг асосан уй-жой шароитларини яхшилашга мухтож ва эҳтиёжманд қатламига имтиёзли шартларда тақдим этилган. Мазкур уйларга 2021 йилга қадар 110 минг нафардан ортиқ аҳоли кўчиб келган.

Янгиҳаёт туманини ташкил этиш ташаббуси Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 29 май куни Тошкент шаҳрига ташриф доирасида билдирилган эди. Шундан сўнг, ишчи гуруҳ томонидан янги туманни ташкил этиш бўйича батафсил ўрганишлар олиб борилди ва икки марта – 2020 йил 5 август ва 21 август кунлари ҳурматли Президентимизга янги туманни ташкил этиш бўйича лойиҳалар тақдим этилган. Янгиҳаёт тумани Тошкент шаҳрининг Сергели ва Бектемир туманлари ҳамда Тошкент вилоятининг Зангиота, Янгийўл, Қуйичирчиқ ва Ўртачирчиқ туманларидан олинган 4419,6 гектар ҳудудда ташкил этилган. Бугунги кундаги маълумотларга кўра, туман аҳолиси 157 минг нафардан ортиқни ташкил этмоқда.

Давлат раҳбари томонидан туман масъуллари олдига “ушбу ҳудудда яшовчи халқни рози қилиш”, “янги туманни республикада намунавий туман бўлишини таъминлаш” вазифаси топширилганини биз жуда катта ишонч ва масъулият деб қабул қилиб, ишни бошлаган биринчи кундан бошқача ишлашни, аҳолига яқин бўлишни, маъмурий тўсиқларни олиб ташлашни ўз олдимизга мақсад қилиб олдик.

Аҳолини рози қилиш учун сектор раҳбарлари ва туман ҳокимининг ўринбосарлари томонидан жами 3147 нафар шахсий ва сайёр қабуллар ўтказилиб, ушбу қабулларда жисмоний ва юридик шахсларнинг 5992 та мурожаатлар қабул қилинди. Шундан, 70 фоиз мурожаатлар ижобий ҳал этилиб, 25 фоизига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифам орқали аҳоли билан кундалик “онлайн” мулоқотни йўлга қўйдик. Ушбу мулоқотлар орқали 20 фоизга яқин масалалар жойида ҳал этишга эришилди. Туман ҳокимлигида шаффофликни таъминлаш мақсадида маъмурий бинойимиз ҳам “open-space” форматида қурилган.

Энди коррупция масаласига тўхталсак, мен давлат хизматига келишдан олдин, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганман. Шунинг учун айрим фикрларим бошқа давлат хизматчиларига нисбатан ностандарт бўлиши мумкин. Фикримча, коррупцияни келтириб чиқарувчи энг муҳим омиллардан бири бу ходимларга меҳнатига яраша ҳақ тўламасликдир. Атоқли адибимиз айтганидек “ходимларга меҳнатига яраша ҳақ тўламасанг, тўлаган маошингга яраша ишлай бошлашади”. Янгиҳаёт тумани ҳокимлигида ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашда базавий маошига қўшимча ойлик устамалар (ойлик иш ҳақининг 200 фоизигача миқдорда) бериб борилади. Бу эса, давлат хизматчиси учун рақобатбардош маош ҳисобланади ва ходимларнинг ҳалол ишлашига шароит яратилган. Коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича ходимлар доимий огоҳлантирилади. Шу сабабли, агар кимдандир туман ҳокимлиги ходимлари таъмагирлик қилса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишини сўраб қолган бўлардим.

— Янгиҳаёт туман ҳокимлиги томонидан 1 йил мобайнида жуда кўп ишлар амалга оширилди. Хусусан, фуқаролар мурожаатлари асосида кўплаб маҳаллаларнинг ички кўчаларига асфальт ётқизилди. Янги 2022 йилда ҳудудда йўл инфратузилмаси бўйича қандай режаларни амалга ошириш кўзда тутилган?

Албатта, ўтган 1 йил мобайнида туманимиз аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида, йўлларни таъмирлаш ишларини амалга оширдик. Асосий эътиборни Тошкент вилоятидан ҳудудимизга қўшилган маҳаллаларнинг ички кўчаларини таъмирлашга қаратдик. Биргина “Обод маҳалла” дастури ижроси бўйича “Чортоқ” маҳалласининг 40 та ички кўчаларига асфальт қопламаси ётқизилди. Туман бўйича эса 237 та ички кўчаларнинг жами 529 000 кв.м қисми таъмирланди. Албатта, йўлларни таъмирлаш ишларида фуароларимизнинг мурожаатларини ҳам ўргандик. Бунинг учун ўзим ва сектор раҳбарлари, ўринбосарлар билан бирга керак бўлса ҳар куни маҳаллаларни бирма-бир айланиб, аҳоли билан сухбатлашдик. Ҳақиқатдан таъмирталаб ахволдаги кўчаларни кўздан кечирдик ва маҳалла ахлига қулайлик яратиш учун ушбу кўчаларда ҳам асфальтлаш ишларини олиб бордик. Жорий йилги режада тумандаги 13 та маҳалланинг 35,3 км қисмига жами 214 442,5 кв.метр асфальт ётқизиш белгилаб олганмиз. Бу йилда ҳам аҳоли мурожаатлари асосида йўлларни таъмирлашни, ҳар бир маҳаллада таъмирталаб йўллар қолмаслиги учун ҳаракат қиламиз. Шу билан бирга, серқатнов кўчаларни кенгайтириб, ҳайдовчилар учун ҳам қулайлик яратишни, пиёдалар учун эса пиёдалар йўлакларини қуришни, велойўлаклар сонини кўпайтиришни мақсад қилганмиз. Биз сонга эмас, сифатга ишлашни кўзлаганмиз. Токи, биз амалга оширган асфальтлаш ишлари 3 йил ёки 4 йилга эмас, узоқ йиллар туманимиз аҳлига хизмат қилсин.

— Туманда ижтимоий соҳа инфратузилмасини яхшилаш доирасида қандай иш ташкил этилди, келгусидаги режалар ҳақида айтиб ўтсангиз?

2021 йилда туманимизда аҳоли учун зарур бўлган ижтимоий соҳа объектларини ўз муддатида қуриб битказишга эришдик.

Хусусан, 65 ва 66-оилавий поликлиникалар қурилиб, ишга туширилди ҳамда 3 та поликлиникалар ва “Бинокор” филиалида тиббий ахборот тизими “Meddata” ни жорий этиш учун 305,0 млн сўм ажратилди. Шунингдек, 4 та маҳаллалар ҳудудида ҳар бири 235 ўринли жами 2 та ҳамда 1 та 335 ўринли ва 1 та 480 ўринли мактабгача таълим ташкилотларини қуриш ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари, жами 10 та мактабгача таълим ташкилотларида умумий қиймати 5 млрд 687 млн сўмлик жорий таъмирлаш ишлари якунланди ва фойдаланишга топширилди. Туманда 332-сонли янги умумтаълим мактаби қурилди. Туман маҳаллий бюджетидан ажратилган 15 млрд 843 млн сўм маблағлар ҳисобига, Янгиҳаёт туманида жами 8 та умумтаълим мактаблари бинолари ва 4 та умумтаълим мактабларининг ҳовлисидаги спорт майдонлари замонавий кўринишда жорий таъмирланди.

Йил бошидан жами 18 та маҳалла биноларини қуриш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда жами 11 та маҳалла бинолари фойдаланишга топширилди.

Жорий йилда эса “Истиқболли” режалар асосида, туманни комплекс ривожлантириш мақсадида, Янгиҳаёт туманини комплекс ривожлантириш мақсадида 4 та маҳаллалар ҳудудида замоновий ва “Smart Garden” яъни ақлли мактагача таълим ташкилотлари қуриш режалаштирилган. Шунингдек, 1 та оилавий поликлиника, 1 та тез тиббий ёрдам станцияси ҳамда 1 та кўп тармоқли шифохона, 2 та умумтаълим мактаблари ва 1 та мусиқа мактаби, 1 та “Баркамол авлод” мактаби, 1 та “Болалар ва ўсмирлар” спорт мактаби қуриш режалаштирилган. Ҳозирда ушбу объектларини қуриш учун лойиҳа ва лойиҳаолди ишлари олиб борилмоқда.

Уй-жой билан таъминлаш ва реновация дастурини ижроси юзасидан 2022-2026 йиллар давомида туманининг “Йўлдош” мавзесидаги яшашга яроқсиз ҳолга келиб қолган 2 қаватли ёғоч уйларда яшовчи аҳоли босқичма-босқич янги хонадонларга кўчирилади.

210 гектар ҳудудда “Янгиҳаёт индустриал парк” лойиҳаси бошланади.

“Янги Дархон” маҳалласи ҳудудида Янгиҳаёт туманининг маъмурий маркази барпо этилади. Ушбу ҳудудда туман ҳокимлиги ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг тумандаги бўлималарига маъмурий бинолар қуриш ва уларни жиҳозлаш режалаштирилган.

Олдимизда улкан вазифалар, режалар кутмоқда. Биз якдил ва аҳил бўлиб ҳаракат қилсак, ҳалол-пок бўлиб, яхши ният билан меҳнат қилсак, ҳар қандай марраларни эгаллашга имконимиз мавжуд. Ҳурматли Президентимиз бошчилигида бошлаган барча хайрли ишларимиз, албатта, ўзининг ижобий самарасини беради.

Киритилди: 13:30 06.01.2022. Ўқилди: 2363 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!