E-qaror тизимида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг мактабгача таълим ташкилотларини 2026/2027 ўқув йилига тайёрлаш ва болаларни қабул қилиш жараёнини самарали ташкил этишга оид буйруғи эълон қилинди. Ҳужжатнинг иловалари Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2026 йил 18 августдаги 299-сон буйруғи билан тасдиқланган.
Ҳужжатга кўра, 2026/2027 ўқув йилида республика бўйича 811 минг 586 нафар 6 ёшли бола ҳисобга олинган. Уларнинг 806 минг 290 нафарини мактабга тайёрлов гуруҳларига қамраб олиш режалаштирилган. Натижада қамров даражаси 99,3 фоизга етказилиши кўзда тутилмоқда.
Мактабга тайёрлов гуруҳлари билан қамраб олинмаган 6 ёшли болалар учун 485 та бир йиллик бепул мажбурий тайёрлов гуруҳи ташкил этилади. Уларда жами 13 минг 104 нафар болани қамраб олиш режалаштирилган.
Шундан:
— умумий ўрта таълим мактабларида 413 та гуруҳ ташкил этилиб, 11 минг 163 нафар бола;
— давлат мактабгача таълим ташкилотларида 65 та гуруҳ очилиб, 1 минг 766 нафар бола;
— бошқа мос биноларда 7 та гуруҳ ташкил қилиниб, 175 нафар бола қамраб олинади.
Чора-тадбирлар режасига мувофиқ, аввал ҳудудлардаги 6 ёшли болалар хатловдан ўтказилади. Хатлов натижасида тайёрлов билан қамраб олинмаган болалар мавжуд бўш гуруҳ ва ўринларга жойлаштирилади.
Шундан кейин ҳам қамровдан ташқарида қолган болалар учун умумтаълим мактаблари, давлат мактабгача таълим ташкилотлари, «Келажак марказлари» ва бошқа объектларнинг бўш хоналарида янги тайёрлов гуруҳлари ташкил этилади. Уларни сентябр–октябр ойларида ишга тушириш белгиланган.