Янги Рим папасини сайлаш учун конклав 7 май куни бошланади. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Агентликнинг Ватиканидаги юқори мартабали манбасига кўра, конклав санаси кардиналларнинг 26 апрел куни, папа Францискнинг дафн маросимидан кейинги биринчи ёпиқ йиғилишида белгиланган. Яқин орада бу ҳақда расман эълон қилиниши кутилмоқда.
Reuters маълумотларига кўра, дунёнинг турли бурчакларидан 80 ёшгача бўлган тахминан 135 нафар кардинал конклавда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
2005 ва 2013 йиллардаги сўнгги икки конклав икки кун давом этган. Бироқ швед кардинали Андерс Арборелиуснинг сўзларига кўра, бу сафарги конклав узоқроқ давом этиши мумкин, чунки кўплаб кардиналлар Рим папаси томонидан тайинланган бўлса-да, улар илгари бир-бири билан учрашмаган.