Бу галги Чемпионлар лигаси хатоларга бой бўлди, ўзгача бўлди, кутилмаган бўлди. Бу ҳолат гуруҳ баҳсларидан тортиб финалгача кузатилди. Айниқса, финал шунақа руҳда ўтдики, агар менга «Чемпионлар лигаси финали бошқатдан ўтказилишини истайсанми?» дейишса, ҳеч иккиланмасдан “Ҳа”, деган бўлардим. Чунки мен учун бу финал татимади. Финал бошқача бўлиши керак эди.
ҒАЛАБА КЕРАК, АММО...
Футбол — курашувчан спорт тури. Ўзаро контактлар, рақобат, жисмоний кураш кечиши тайин. Буни инкор этиб бўлмайди. Аммо бу рақибга нисбатан шафқатсизлик қилиш керак дегани эмас. Бироқ ғалаба учун, соврин учун ҳар нарсага тайёр бўлган Серхио Рамос буни эсдан чиқарди. «Ливерпуль» ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ билан бўлган вазиятда у нафақат тўп учун, балки рақибига жароҳат етказиш учун ҳам курашди. Хулоса чиқаришга шошилманг, мен бу гапни Рамоснинг характерини, ҳаракатини ва кўп йиллик тажрибага эга эканлигини инобатга олиб айтяпман. Рамос қандай ҳаракат рақибга жароҳат етказишини яхши билади. Ўша вазиятда у Салоҳнинг қўлини қўлтиғига қисиб олгандан кўра елкаси билан итариб, тўпни тепиб юборса бўларди-ку! Йўқ, у бундай қилмади. Эҳтимол, у атайин Салоҳга жароҳат етказишга уринмагандир, аммо ўша хатти-ҳаракати жисмонан ўзидек бақувват бўлмаган Муҳаммадга жароҳат етказиши аниқлигини ҳисобга олиши керак эди. Аммо бу футбол, унда биринчи ўринда инсон эмас, ғалаба фактори туради. Ҳар ҳолда, Рамос шундай ҳисоблайди.
Айнан Муҳаммад Салоҳ жароҳат олиб майдондан чиқиб кетганидан кейин финалга бўлган қизиқишим сўна бошлади. Чунки «Ливерпуль» айнан Салоҳга ишонганди, бу Муҳаммаднинг биринчи финали эди. Ҳа, мен финалда ҳеч бир жамоага мухлислик қилмадим, аммо Салоҳнинг ўзини кўрсатишини хоҳлагандим. Истардимки, бошқа футболчилар, ҳатто Рамоснинг ўзи ҳам кейинги сафар бундай хунук хатти-ҳаракатга қўл урмасин.
КЛОПП ҚАЗИГАН «ЧОҲ»
Ҳар қандай футболчи ўйин даражасини ҳис қила билиши керак ва шунга мос равишда масъулият ҳиссини ҳам туйиши лозим. Финалда «Ливерпуль» посбони Лорис Кариусга айнан шу жиҳат етишмади. Юрген Клопп унга имконият берди, Кариус гарчи унчалик иқтидорли бўлмаса-да, «Ливерпуль»нинг асосий таркиб посбонига айланди. Аммо финалда у шунчалик қўпол хатоларга йўл қўйдики, бу «қизиллар» учун жуда қимматга тушди.
Ўзи бошқарган клубларда доим янги футболчи кашф қилишга ўрганган Юрген Клопп «Ливерпуль»да шу ишини Лорис Кариус билан амалга оширмоқчи бўлди. Бельгиялик посбон Симон Миньолени захирага ўтқазиб, жамоага ўзи олиб келган Лорис Кариусни асосий таркибга киритган германиялик мутахассис бунинг учун яхшигина панд еди. Тўғри, Кариус АПЛ доирасидаги ўйинларда ҳам кўплаб хатоларга йўл қўйганди, аммо буни кечирса бўларди. Бироқ Чемпионлар лигаси финалида, «Ливерпуль» ҳатто Муҳаммад Салоҳсиз ҳам ирода кўрсатиб, ажойиб ўйин кўрсатаётган бир пайтда орзиқиб кутилган совринга эга чиқиш имкони бор пайтда ёш болаларча хато қилиш — бу кечириб бўлмас ҳолат. Буни Кариуснинг тажрибасизлиги билан ҳам оқлаб бўлмайди. Чунки Кариус йўл қўйган хатоларни ундан тажрибасиз бўлган посбонлар ҳам такрорламайди. Бензема гол урган вазиятдаги аҳмоқона қарори, Бэйлнинг иккинчи голи юзага келганлаги ноўрин ҳаракати — айнан шу омиллар «Ливерпуль»нинг шаштини синдирди, қаддини букиб қўйди. Бутун мавсум давомида кўпчилик Клоппга Кариуснинг талаб даражасидаги дарвозабон эмаслигини уқтирди, ҳатто унга қишда бошқа яхшироқ дарвозабон сотиб олишни ҳам маслаҳат беришди, бироқ германиялик мутахассис Кариуснинг нигоҳларида иштиёқ кўраётганини, уни тарбиялаб, одам қилмоқчи эканлигини таъкидлади. Аммо финалда кўрдики, бўлмайдигани барибир бўлмас экан. Бутун ўйин давомида яхшигина зарбаларни қайтарган посбон иккита қўпол хатоси эвазига «Ливерпуль» мухлислари учун нафақат финалнинг, балки бутун мавсумнинг энг ёмон футболчисига айланди. Клопп Кариусни олиб келиб, ўзи қазиган чоҳга ўзини ҳам, «Ливерпуль»ни ҳам қулатди.
Клопп «Ливерпуль»ни яхши жамоага айлантира олганди. Камчиликларини тўғрилаб, яп-янги либос ҳосил қилди. Аммо Кариус бу кўйлакка ярашмаган тугма бўлди. У кўйлакни ёпиб туриш вазифасини бажара олмади, оқибатда либос очилиб қолди, натижасини эса ўзингиз кўрдингиз.
ТАЖРИБА ЯНА ҚЎЛ КЕЛДИ
Тан олиш керак, «Реал» — Европа Чемпионлар лигасида ғалаба қозониш борасида жуда катта тажриба тўплади. Жамоа ҳатто ўзининг энг омадсиз мавсумларидан бирида ҳам Европада тенгсиз клубга айланди. Бу мавсум «қироллик клуби» мақташга арзигулик ўйин намойиш этмади, Ла Лигада 3-ўрин — бу «Реал» кўзлаган чўққи эмас. Қолаверса, «Бавария» ҳам, «Ювентус» ҳам минг бир машаққат билан, омад билан таслим этилди. Аммо якунда «Реал» чемпионга айланди. Бу ҳаммаси тажрибанинг меваси. Вазият шу даражага етдики, «қироллик клуби» учун Европа чемпионлар лигасининг ҳатто финали ҳам одатий учрашувга тенг бўлиб қолди. Ортиқча ҳаяжон, асабийлашишлар ортга чекинди.
«Ливерпуль» ва Клоппга ана шу жиҳат етишмади. Салоҳсиз ҳам яхши ўйин кўрсатган, ҳатто Маненинг голи эвазига ҳисобни тенглаштиришга ҳам эришган «қизиллар» қолган дақиқалар учун муносиб сценарий туза олишмади. Германиялик мутахассис ҳам бош қаҳрамондан айрилган сюжетни қайта шакллантира билмади, бунга уринганида эса сценарийнинг энг хунук образи — Кариус мелодрамани трагедияга айлантириб юборди. Хуллас, Клоппдан тортиб дарвозабонгача тажриба камлик қилди.
АСОСИЙ ҚАҲРАМОН «РЕАЛ» ЭМАС
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, бу галги Чемпионлар лигасининг бош қаҳрамони «Реал» эмас. Асосий қаҳрамон — «Ливерпуль», аниқроғи, Юрген Клопп. Уч мавсумда Европа лигаси учун курашадиган клубга айланиб қолган «Ливерпуль»ни Чемпионлар лигасига олиб чиқди. Энди эса «Ливерпуль» финалда ўйнаяпти. Бу ҳаммаси Клоппнинг хизмати. Ҳатто «Барселона»га сотилган Филиппе Коутиньонинг ўрни ҳам билинмади. Таркибда Роналду ёки Мессидек футболчи йўқ. Жамоа ёзда бошқа гранд клублар сингари бир дунё пул сарфламади. Аммо «Ливерпуль» финалгача чиқди. Демакки, бу биринчи навбатда Клоппнинг хизмати. «Ливерпуль» бу мавсумда АПЛда 4-ўринни олиб, кейинги мавсумда яна Чемпионлар лигасида ўйнайдиган бўлди. Шу боис ҳеч ким «Ливерпул»ни финалдаги мағлубият учун айбламайди, аслида, финалга чиқишнинг ўзи жамоа учун катта ютуққа айланди. «Ливерпуль» жорий мавсумда чинакам шижоат, иқтидор, шиддат, маҳорат ва ирода тимсолига айланди.
Умид қиламизки, кейинги мавсумда ҳар иккала жамоага ҳам яна омад кулиб боқади. Умид қиламизки, кейинги мавсумда финал бундай ачинарли руҳда ўтмайди. Умид қиламизки, кейинги мавсумда биз бу галгидан-да қизиқарлилоқ ва шиддатлироқ баҳсларнинг гувоҳига айланамиз.