Москвада Башар Асад рус тилини ва офталмологияни ўрганмоқда — The Guardian.
Сурияда ҳокимият ағдарилган Башар Асад ва унинг оиласи Москва ва БААда ёпиқ, аммо ҳашаматли ҳаёт кечирмоқда, деб ёзади газета.
Нашрнинг икки манбасига кўра, Асадлар оиласи Москвадаги Рублёвка ҳудудида яшайди. Ҳозирда Башар Асад рус тилини ўрганмоқда ва офталмология бўйича билимларини чуқурлаштирмоқда. Унинг лейкемия билан оғриган рафиқаси Асма Асад Россия махсус хизматлари назорати остида ўтказилган экспериментал даволанишдан сўнг Москва бутикларида қимматбаҳо кийим-кечаклар харид қилмоқда.
Сурия собиқ раҳбарининг оиласи оммавий тадбирларда деярли кўринмайди. Истисно ҳолат сифатида уларнинг қизи Зайн ал-Асаднинг Москва университетларидан биридаги битирув маросими қайд этилади. Бироқ Асаднинг ўзи ушбу тадбирда қатнашмаган. The Guardian маълумотларига кўра, Башар Асаднинг алоқалар доираси ниҳоятда тор. У на суриялик, на россиялик элита вакиллари билан мулоқот қилиш имконига эга.
"Путин ҳокимият устидан назоратни йўқотган етакчиларга тоқат қилмайди, Асад эса энди таъсирли шахс сифатида ҳам, ҳатто кечки овқатга таклиф қилиш мумкин бўлган қизиқарли меҳмон сифатида ҳам қабул қилинмайди", — дейди нашр манбаси.
Собиқ президентнинг дўстларидан бирини сўзларига кўра, Башар Асаднинг фарзандлари "бироз карахт ҳолатда" ва "биринчи оила мақоми йўқотилган ҳаётга кўникмоқда".
2024 йил декабрида Сурияда Башар Асад режими ағдарилган, собиқ президент эса Россияга қочиб кетганди. Кремл расмий равишда унга “гуманитар мақсадда” сиёсий бошпана берганини билдирган эди.