Янги Ангрен ИЭС: 2025-йилнинг 1-ярим йиллигида атмосферага ташланмалар меъёрдан ошмаган – бу Тошкент вилояти Экология бошқармаси томонидан ҳам тасдиқланган.
Тошкент вилояти Экология бошқармаси томонидан Янги Ангрен ИЭСда мавжуд чанғ-газ тозалаш ускуналарини ишлаб чиқаришдан ҳосил бўлган ифлослантирувчи моддаларни тозалаш самарадорлиги етарлича бўлмаганлиги сабабли Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 12-апрелдаги 202-сонли қарорига асосан компенсация ҳисоб-китоб қилиниб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берилганлиги тўғрисида хабар эълон қилинди.
Такидлаш лозимки, Янги Ангрен ИЭС Тошкент вилоятининг шарқий ҳудудлари ва Фарғона водийсини электр энергияси билан таъминловчи муҳим аҳамиятга эга йирик энергоиншоот ҳисобланади. Станцияда йилига 5 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилади ва бу 2 млн хонадонни электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилади.
Станцияда Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан тасдиқланган атмосфера ҳавоси учун белгиланган, йўл қўйиладиган чекланган квотадан ошмайдиган атмосфера ҳавосига ташланадиган ифлослантирувчи моддалар ҳисоб-китоблари келтирилган бўлиб, амалда 2025-йилнинг 1-ярим йиллигида ташланадиган ифлослантирувчи моддалар белгиланган меъёрдан ошмаган ва ушбу кўрсаткичлар Тошкент вилояти Экология бошқармаси томонидан ҳам тасдиқланган.
Айни пайтда Янги Ангрен ИЭСда ҳосил бўлган ифлослантирувчи моддаларни тозалаш самарадорлигини ошириш бўйича 2028-йилгача чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган.
Янги Ангрен ИЭСда мавжуд электр филтрларининг мукаммал ва жорий таъмири амалга оширилди. Бу билан электр филтрларнинг самарадорлигини 84%дан 96%гача кўтаришга эришилди.
Навбатдаги босқичда қозон-ускуналарини таъмирлаш, уларга замонавий электр филтрларини ўрнатиш воситасида ифлослантирувчи моддаларнинг атмосферага ташланишини сезиларли даражада камайтириш режалаштирилган.
Шунингдек, ўрганиш натижалари бўйича Янги Ангрен ИЭСда Тошкент вилояти Экология бошқармаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “йўл харитаси” бўйича белгиланган чора-тадбирлар изчил давом эттириб борилади.