Бугун 28 июнь, 2025 йил, шанба

O'ZB

Яна бир марта Амир Темур ҳақида кино суратга олинади

A A A
Яна бир марта Амир Темур ҳақида кино суратга олинади

Бош ролда ким?

Ўзбек киночилари комедия жанрига кўпроқ урғу бериб, фақат маиший мавзуларга ўралашиб қолгани сир эмас. Оқибат шу даражага бориб етдики, кейинги вақтларда тарихий фильмларни суратга оладиган режиссёр, тарихий шахслар ролини маромига етказиб ижро этадиган актёрлар йўқ, деган тушунча пайдо бўлди.

Яхшики, Президентимизнинг 2017 йил 7 августдаги Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида ги қарори эса соҳага эътиборни тубдан ўзгартириб юборди, кенг имкониятлар эшиги очилди.

Шу қарор асосида буюк аждодларимиз сиймосини фақат ваъзхонлик, панд-насиҳат орқали эмас, балки бадиий, бадиий-публицистик, бадиий-ҳужжатли, анимацион ва бошқа жарнлардаги тарихий фильмларни суратга олиш орқали жонлантириш, улар миллатимиз ғурури, фахримиз эканини ёшлар онгига сингдириш ишлари жадал бошланди.

Бу қутлуғ жараёнда миллиатимиз тарихида муҳим аҳамиятга эга бўлган шахслардан бири Хива хонининг бош вазири ҳаёти ҳақида Исломхўжа бадиий-публицистик фильми суратга олинди. Исломхўжа XIX аср охири XX аср бошларида Хива хонлигида, аввал Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз), сўнгра унинг ўғли Асфандиёрхонга (Фаррух) хизмат қилган. 17 ёшида ҳокимлик лавозимига ўтирган ушбу шахс билими, кенг дунёқараши, халқпарварлиги билан аҳоли қалбидан жой олган. Солиқ, савдо-сотиқ, бунёдкорлик, маданият соҳаларида ислоҳотлар қилиш таклифи билан чиққан Исломхўжа аҳолини талайдиган, мол-мулкини талон-торож қилиб, бойлик орттирадиган амалдорларни кескин танқид қилади. Халқ фаровонлиги учун амалий чоралар кўради.

Мутахассисларнинг фикрича, бу фильм мувафаққиятли суратга олинди. Тажриба шуни кўрсатдики, тарихий жанрда суратга оладиган оператор, режиссёр ва актёрлар саноқли бўлса-да, бор.

Бундан ташқари, мўғул босқинига қарши курашган аждодларимиз ҳаётидан ҳикоя қилувчи Элпарвар бадиий фильми суратга олинди. Фильмда XII аср охири XIII аср бошларида Марказий Осиё ҳудудида Чингизхон истилоси билан боғлиқ воқеалар акс этган. Фильмнинг бош қаҳрамони, ўз қишлоғини қутқариш учун душманга қарши курашган ўспирин камончи йигит Муқбил. Фильмда, шунингдек, ўша давр қаҳрамони Жалолиддин Мангуберди образи ҳам ўзига хос услубда ёритилган.

Элпарвар катта бир эпопея сифатида дунёга келиши режалаштирилаётган Жалолиддин Мангуберди бадиий фильмининг дебочаси бўлди, дейди Ўзбеккино миллий агентлиги бошқарма бошлиғи Олимжон Давлатов. Жалолиддин Мангуберди ҳақида 7 вариантдаги сценарийлар орасидан ёзувчи Назар Эшонқулнинг адабий сценарийси Бадиий кенгаш муҳокамасидан ўтиб, ишлаб чиқаришга туширилди. Ушбу фильмни суратга олиш бўйича хорижий ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилмоқда. Имом Бухорий ҳақида Ҳақиқат сари йўл адабий сценарийси яратилмоқда. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али таниқли режиссёр Ҳилол Насимов билан ҳамкорликда Буюк Амир Темур бадиий фильми сценарийси устида ишламоқда. Бу бадиий фильм сценарийси Ўзбеккино миллий агентлиги Бадиий кенгашида муҳокама қилинди ва кенгаш аъзолари хулосалари асосида қайта ишланиши тавсия қилинди. Бундан ташқари, Жаҳонгир Аҳмедов ва Ҳасан Тошхўжаев ҳамкорликда ёзган Бибихоним сценарийси Бадиий кенгашга тақдим қилинди. Бу сценарий ҳам мутахассислар томонидан ўрганилмоқда.

Мутахассиснинг таъкидлашича, тарихий шахслар ҳақида фильмни суратга олишда фақат режиссёрлар эмас, балки тарихчилар, психологлар, олимлар ва бошқаларнинг таклиф, мулоҳазалари инобатга олинади. Сабаби кино бу шунчаки ишлаб чиқариш эмас, у миллат генофондини шакллантиришга муносиб ҳисса қўшадиган бир жараён ҳисобланади.

Тарихий фильмни суратга олиш жуда қийин иш, дейди О.Давлатов. Масалан, режиссёр Борис Кимёгаров Рустам ва Суҳроб фильмини суратга олиш учун Собиқ Иттифоқнинг жамики от фирмаларидан от излаган. Ниҳоят Воронеждан топилган экан. Энди тасаввур қилинг, Амир Темурнинг оти, қурол-аслаҳаларини топиш учун узоқ изланиш зарур. Бунинг учун анчагина маблағ керак. Чунки бу шунчаки фильмдаги оддий деталь эмас. Архив фильмларнинг яна бир қийинчилиги бор. Ҳар бир инсоннинг кўнглида ўз Амир Темури, Навоий ва Бобури бор. Суратга олинган фильм улар тасаввуридек бўлмаса, бу образни инкор этиши мумкин. Алишер Навоий ҳақида 60 йил аввал олинган бадиий фильмдаги Гули образи ҳалигача томошабинлар томонидан айни ҳақиқат сифатида қабул қилинади. Абдулла Қодирийнинг Ўткан кунлар ва Меҳробдан чаён асарлари асосида суратга олиган фильмлар адибнинг халқ орасида маҳбублиги ва мақбуллиги йўлида катта хизмат қилган. Худди шунингдек, бугунги кунда суратга олиниши режалаштирилаётган тарихий фильмлар ҳам томошабин тасаввурини бойитиб, кўнглидан жой олиши керак.

Мутахассиснинг маълум қилишича, Буюк Амир Темур бадиий фильмида қайси актиёр-актрисалар ижро этиши ҳали аниқ эмас.

Хуршид Қодиров, ЎзА

Киритилди: 16:03 04.04.2019. Ўқилди: 4153 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!