Бугун 24 июль, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Хоманаий: «Исроил деярли қулади»

Хоманаий: «Исроил деярли қулади»

Эрон Олий раҳбари оятулло Али Хоманаий пайшанба куни 12 кунлик урушда Исроилга қарши ғалабани эълон қилди ва агар АҚШ яна Эрон ҳудудига ҳужум қилса, минтақадаги Америка базаларига янги зарбалар берилиши мумкинлигини маълум қилди.

«Шунча шовқин-сурон, баёнотлар бўлишига қарамай, сионистик режим Эрон зарбалари остида деярли қулади ва йўқ қилинди», — деди Хоманаий телевидение орқали қилган мурожаатида, унинг расмий X (собиқ Twitter) саҳифасида жойлаштирилган видеода.
«Мен ёлғончи сионистик режим устидан қозонилган ғалаба билан табриклайман», — деди у.

Хоманаий, шунингдек, АҚШ президенти Дональд Трампни Қатардаги америкалик ҳарбий базага берилган Эрон зарбалари таъсирини камайтиришга уринганликда айблади.

«[Трамп] катта воқеа содир бўлганида, ҳеч нима бўлмагандек кўрсатишга ҳаракат қилди», — деди у душанба куни Қатардаги Ал-Удейд ҳарбий-ҳаво базасига қилинган ҳужумга изоҳ берар экан. Ушбу база Яқин Шарқдаги энг йирик америкалик ҳарбий объект ҳисобланади.

Хоманаийнинг сўзларига кўра, бу ҳужум «шикаст етказди», аммо Трамп уни «жуда кучсиз ҳужум» деб баҳолаган. Расман ҳалок бўлганлар ҳақида хабар берилмаган.

Эрон раҳбари, шунингдек, мамлакатнинг АҚШнинг минтақадаги асосий ҳарбий марказларига ета олиши муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади:

«Агар зарурат бўлса, бундай ҳаракатлар яна такрорланиши мумкин. Агар бирор тажовуз амалга оширилса, душман албатта катта тўлов тўлайди», — деди у.

Бу Хоманаийнинг 24 июн куни АҚШ воситачилиги билан якунланган 12 кунлик Эрон-Исроил уруши сўнггидаги илк оммавий баёноти бўлди.

Унинг таъкидлашича, АҚШ томонидан Эрон ядровий объектларига берилган зарбалар «мувофақиятсиз» бўлган ва катта зарар етказмаган.

Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Исроил ҳужумлари натижасида 610 нафар киши ҳалок бўлган, 4746 нафар яраланган. Шу билан бирга, Исроил томони Эрон зарбалари оқибатида 28 киши ҳалок бўлганини ва 3000 дан ортиқ одам жабрланганини маълум қилди.

Киритилди: 08:32 27.06.2025. Ўқилди: 1867 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!