Маълумки, бугунги кунда тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган текширувлар қонунийлигини таъминлаш мақсадида “Ягона давлат назорати” ахборот тизими ишга туширилган. Мазкур тизим текширувлар билан боғлиқ катта ҳажмдаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш имконини бериб, унда ўтказилган ва ўтказилиши режалаштирилаётган текширувлар ҳақида тегишли маълумотларни олиш имкониятлари яратилган.
“Ягона давлат назорати” ахборот тизимининг бугунги кундаги фаолияти хусусида Бизнес-омбудсман девони маъсул ходими Сардор Раҳимбердиев қуйидагиларни маълум қилди.
– “Ягона давлат назорати” ахборот тизими ҳозирда тадбиркорларимизнинг ишончли ахборот тизимига айланган. Ушбу тизим орқали маълумотлар нафақат компьютер, балки махсус мобил илова ҳамда телеграм бот ва смс-хабар орқали хам олиниши мумкин.
Ахборот тизимида назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлар фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга мансабдор шахслари ҳақида маълумотлар мавжуд. Бу ўз навбатида тадбиркорларга текширувчи мансабдор шахсларнинг махсус гувохнома рақами ёки исми ва фамилиясини тизимга киритиш орқали назоратчиларнинг назорат тадбирларини ўтказишга ваколати бор ёки йўқлигини аниқлаш имконини беради.
Қолаверса, ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишлари учун тадбиркорларга ўтказилган текширувлар бўйича назорат органи ходимининг хатти-ҳаракатига баҳо бериш ва коррупция ҳолатлари ҳақида шикоят бериш имконияти яратилган.
Ана шундай имкониятлардан фойдаланган тадбиркор, “ODS” МЧЖ (корхона номи ўзгартирилган) раҳбари “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси ходимлари томонидан фаолиятида ноқонуний текширув ўтказилганидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат йўллади.
Аниқланишича, тадбиркорлик субъектида “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси раҳбарининг буйруғига асосан 2024 йилнинг 10 январь кунидан бошлаб 3 кун муддатда текширувлар ўтказилган.
Ваҳоланки, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 39-моддасига кўра, Тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган барча текширувлари Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши шартлиги белгиланган.
Бироқ, “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси ходимлари Н.Д., Э.У. ва Б.А. томонидан “ODS” МЧЖ (корхона номи ўзгартирилган) фаолиятида қонуннинг 39-моддасида кўрсатилган талабларга риоя қилмаган ҳолда “Ягона давлат назорати” ахборот тизимидан рўйхатдан ўтказмасдан ноқонуний текширув ўтказилгани аниқланди.
Шу боис, тадбиркорлик субъекти фаолиятида ноқонуний текширув ўтказилгани учун “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси ходимлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-2 моддасига кўра маъмурий жавобгарликка тортилди.
Шу ўринда, тадбиркорлардан “Ягона давлат назорати” ахборот тизимидан рўйхатдан ўтишлари ва назорат қилувчи органлар ходимларининг ноқунуний ҳаракатлари аниқланган ҳолатлари юзасидан Бизнес-омбудсманга ўз вақтида мурожаат қилишларини сўраб қоламиз.