Ядровий синовларни ҳар томонлама тақиқлаш шартномаси ташкилоти раҳбари Роберт Флойд жаҳон бўйлаб ядровий синовлар қайта бошланиши мумкинлигидан жиддий хавотир билдирди.
Унинг айтишича, агар Дональд Трамп бошчилигидаги АҚШ, Россия ёки бошқа ядровий давлатлар синовларни қайта бошласа, бу “назорат қилиб бўлмайдиган зинапоя”ни ишга тушириб, глобал хавфни кучайтиради.
Флойд таъкидлашича, 1996 йилда ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш келишуви очилгандан бери синовлар кескин камайган: аввал 2000 дан ортиқ синов ўтказилган бўлса, кейинги даврда 10 дан кам ҳолат қайд этилган, уларнинг бир қисми Шимолий Кореяга тегишли.
2025 йил октябр охирида Трамп ҳарбийларга бошқа давлатлар билан “тенгликни сақлаш” учун ядровий синовларга тайёргарлик кўришни буюрган. Кейинроқ АҚШ Энергетика вазирлиги бу қарор ер ости ядровий портлашларни англатмаслигини тушунтирган.
Россия эса ўз навбатида ҳозирча синовларни қайта бошламаслигини, аммо АҚШ шундай қадам қўйса, “тенг жавоб” қайтаришини билдирган. Кремль шу билан бирга ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш тарафдори эканини ҳам таъкидлаган.