2025 йил 13 декабрь куни Хўжайли туманининг «Саманкўл» маҳалласи, «Фахрийлар» кўчасида жойлашган хонадонда бахтсиз ҳодиса содир бўлди.
Маълум бўлишича, икки набираси билан бирга ижарада яшаётган фуқаро А.Ж. уйини иситиш мақсадида қўлбола иситиш печи мўрисини ўзбошимчалик билан кесиб ташлаб, ушбу печни бошқа хонага кўчирган. Сўнг уни мўрисиз ҳолда газ тармоғига ноқонуний равишда улаган.
Оқибатда хонадон аъзолари газ ёниши натижасида ҳосил бўлган тутун, яъни ис газидан кучли заҳарланган А.Ж. ҳамда унинг набиралари — 2011 йилда туғилган А.С. (8-синф ўқувчиси) ва 2015 йилда туғилган А.Қ. (4-синф ўқувчиси) ҳодиса жойида вафот этган.
Ҳозирги вақтда мазкур ҳодиса юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, масъул шахсларга нисбатан бир қатор хизмат текширувлари бошланган.
Қайд этилишича, Хўжайли тумани ҳокимлиги томонидан марҳумлар оиласига ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда. Олиб борилаётган ишлар ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали қўшимча маълумот берилади.