Бугун 25 июнь, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Хориждан келтирилган автобусни божхона тўловларисиз олиб киришга бўлган ноқонуний уринишнинг олди олинди

Хориждан келтирилган автобусни божхона тўловларисиз олиб киришга бўлган ноқонуний уринишнинг олди олинди

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида хориждан келтирилган автобусни имтиёз асосида, яъни божхона тўловларисиз олиб киришга бўлган ноқонуний уринишнинг олди олинди. Бу ҳақида УзА — Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги хабар қилди.

Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган янги технологик асбоб-ускуналар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида” 2021 йил 4 июндаги қарорига биноан ҳайдовчи билан бирга 60 киши ёки ундан ортиқ кишини ташишга мўлжалланган транспорт воситалари (автобуслар ва электробуслар) божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этилган.

Айни шу имтиёздан фойдаланиш мақсадида хориждан келтирилган қиймати 1,1 млрд. сўмлик автобуснинг ўриндиқлар сони тегишли ҳужжатларда 60 та эканлиги қайд этилади. Аммо “Тошкент-товар” божхона пости ходимлари томонидан ўтказилган божхона кўриги жараёнида автобус аслида 56 ўриндиқли эканлиги маълум бўлди. Буни қарангки, ўриндиқлар сонини 60 тага етказиш мақсадида автобусга кейинчалик пайвандлаш усули билан қўлбола тарзда 4 та қўшимча кичик ўриндиқлар ўрнатилган экан. Буни Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази, Ички ишлар вазирлигининг эксперт криминалистика бош маркази ҳамда Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати марказининг хулосаси ҳам тасдиқлади. Ўриндиқлар сонини сунъий равишда кўпайтириш орқали автобус эгалари 865 млн. сўмлик божхона тўловларидан имтиёзни қўлга киритишга уринган.

Ҳозирда автобус вақтинча сақловга олинган. Ҳолат юзасидан эса божхона текширувлари давом этмоқда.

Киритилди: 15:54 11.06.2024. Ўқилди: 1146 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!