Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Хориждаги ватандошимиз “18 ёшли” аёлга чув тушди

Хориждаги ватандошимиз “18 ёшли” аёлга чув тушди

1982 йилда Наманган вилоятининг Уйчи туманида туғилган Ойқиз Алимованинг (исм-шарифи ўзгартирилган) ҳозирги кунгача бўлган “ҳаёт йўли” жафокаш ўзбек аёлининг турмуш тарзига мутлақо ётдир. О.Алимова дастлаб, 25 ёшида талончилик жиноятини содир этиб, 2007 йил 15 июнда жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг ҳукмига кўра 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Афсуски, судланганлик “тамғаси” О.Алимовага сабоқ бўлмади. Жазо муддатини ўтаб озодликка чиққач, 2020 йилнинг июнь ойига қадар, 1 эмас, 2 эмас, 3 эмас, нақд 8 марта суднинг қора курсисидан “жой олди”. Талончилик, ўғирлик, фирибгарлик каби жиноятлар унинг доимий “касб”ига айланди.

2019 йилнинг 24 сентябрдаги жиноят ишлари бўйича Уйчи туман судининг ажримига асосан тайинланган 2 йилу 7 ой 9 кун АТИ жазоси Жиноят кодексининг 46-моддасига асосан худди шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилиб, унга нисбатан қидирув эълон қилинган вақтда ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан қочиб, қуйидаги суд очеркимиз ёзилишига сабаб бўлган жиноятларни содир этди.

Қидирув эълон қилинганидан хабар топган хавфли рецидивист О.Алимова энди Уйчидаги уйида яшамай, Норин туманидаги танишлариникида беркиниб, яшаб юрди.

2019 йилнинг октябрь ойи бошларида О.Алимова Норин туманидан Наманган шаҳрига келиб, таниши Зафар исмли киракаш орқали ўз фуқаролик паспортига …89-83 рақамли сим-карта олиб, ушбу рақамга телеграм очиб, ундан фойдаланиб юрди.

Ўша кезларда О.Алимова телеграм ижтимоий тармоғида Миср Араб Республикасида жойлашган “ал-Азҳар” университетида таҳсил олаётган асли Наманган шаҳрилик Сардор исмли талаба йигит билан танишиб қолади. Маккора аёл ўзини 18 ёш деб таништириб, 2000 йилда туғилганлигини, исми Зилола бўлиб, отаси вилоят ИИБ бошлиғи бўлганлигини айтиб, шахси ҳақида нотўғри маълумот бериб, олисдаги талабани алдаб, “илинтиради”. Вилоятдаги нуфузли бошқарма раҳбарини “қизи” билан танишган Сардорбек Ойқиз билан телеграм орқали гаплашиб юриб, уни Миср давлатига саёҳатга таклиф қилади. Ойқиз “борардим-у, лекин самолётга билет олишга пулим йўқ-да”, деб ёзиб юборади. Шунда Сардор унга Тошкент шаҳридаги танишига 150 АҚШ доллари юборишини, ундан бориб, пулни олиб самолётга билет олишини айтади.

Ойқиз пулни олгани Тошкент шаҳрига борганида, сири очилиб қолишидан чўчиб, пул берувчи йигитга ўзини “Зилоланинг холасиман”, деб таништиради. Сардорга ҳам “Юборган пулингизни холам бориб олдилар”, деб ёзиб юборади.

Орадан бир-икки кун вақт ўтиб, Сардор “Билет олдингизми, қаердан учадиган бўлдингиз?”, деб Зилоладан сўрайди. Зилола Самарқанддан учадиган самолётга билет олганини айтади.

Сардор Зилолага Тошкент шаҳридан бир киши унга пул бериб юборишини, шу пулни унга олиб келиб беришини илтимос қилади. Келишилган куни Тошкент шаҳрида “Жасмин” мини-маркети олдида нотаниш бир йигит келиб, Зилолага Сардорга етказишини тайинлаб, 1400 АҚШ доллари бериб кетади.

Самарқанддан “учиш”ини эшитган Сардор Зилолага яна бир илтимос қилади. Самарқанднинг йўлида жойлашган Ғаллаорол туманида унинг йўлига Камолхон ака исмли киши чиқиб туриб, у билан бирга таҳсил олаётган укаси Фазлиддинга пул бериб юборишини айтади. Зилола Тошкентдан Самарқанд шаҳрига олиб бориб, қайтариб келиб қўйиш шарти билан 100 АҚШ долларига нотаниш машинани ёллаб, “Қайдасан Самарқанд?”, дея йўлга чиқади.

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманига етиб келган вақтида Сардор айтган телефон рақамига қўнғироқ қилади. Хуллас, Камолхон ака ҳам унга 1780 АҚШ доллари беради. Бир зумда “бойвучча”га айланган О.Алимова бундан кейин Сардор уни топа олмаслиги учун киноларда кўрганидек, телефондан сим-картани чиқариб, уни синдириб ташлаб юборади ва кечгача Самарқанд шаҳрини айланиб, бели оғримай “топган” пулларни ўз эҳтиёжига ишлатиб, Тошкентга қайтиб кетади…

“Бузоқнинг югургани сомонхонагача” деганларидек, О.Алимованинг кайфу сафо қилиб юриши унчалик узоққа бормади.

Жорий йилнинг 25 январь куни хавфли рецидивист ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қўлга олинди. Тергов-суриштирув жараёнлари давомида маккора аёл барча қилмишларини тан олиб, жабрланувчилардан олган 3180 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини ўз эгаларига қайтарди.

Халқимизда олижаноблик ва кечиримлилик каби юксак инсонийлик фазилат ҳамиша қадрланади. Жабрланувчилар маккора аёлга маънавий зарарлар бўйича ҳеч қандай даъо ва эътирозлар йўқлигини айтиб, аёл киши бўлганлиги учун уни кечирганликларини маълум қилдилар.

Жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол тумани суди ҳайъати ҳолатни синчковлик билан ўрганиб чиқиб, О.Алимованинг “сўнгги” ишлари учун Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” бандида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топиб, унга шу модда билан ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

Суд Жиноят кодексининг 61-моддасига асосан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан тайинланган 2 (икки) йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, 8 (саккиз) ой озодликдан маҳрум қилиш ишларига тенглаштирилиб, жиноят ишлари бўйича Уйчи тумани судининг 2019 йил 24 сентябрдаги ажрими билан тайинланган 2 (икки) йил 7 (етти) ой 9 (тўққиз) кун озодликдан маҳрум қилиш жазосига Жиноят кодексининг 60-моддаси тартибида қисман қўшилиб, тайинланган жазо қаттиқ тартибли калонияларда ўтаттирилиши белгиланиб, эҳтиёт чораси аслича қамоқда қолдирилиб, узил-кесил 2 (икки) йилу 10 (ўн) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

О.Алимова аввал умумий колонияларда жазо муддатини ўтаган чоғда йиғолмаган “эс”ини, энди қаттиқ тартибли колонияда ўтар пайтида “йиғиб” олса не ажаб?!

Киритилди: 14:52 13.08.2020. Ўқилди: 3374 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!