Cobalt Nexia’ни қувиб ўтаман деб аянчли аварияга сабаб бўлган.
Кеча, 17 сентябрь куни Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Бу ҳақида вилоят ИИБ ЙҲХБ маълум қилди.
Қайд этилишича, соат 9:00 ларда Янгиариқ тумани “Ангарик” МФЙ ҳудудида Cobalt чап томонга қайрилмоқчи бўлиб турган Nexia’ни қувиб ўтишга уринганда, у билан тўқнашиб кетган.
Сўнг Cobalt ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, тротуарда турган 2023 йилда туғилган болани уриб юборган. Бола воқеа жойида вафот этган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Янгиариқ тумани ИИБ тергов гуруҳи дастлабки тергов-суриштирув ҳаракатларини олиб бормоқда.