Янгибозор туманининг “Оча қалъа” маҳалласида яшайдиган Собир Холматов ҳам оилавий қадриятларга беписанд муносабатда бўлди, аниқроғи, у муҳаббат сингари бебаҳо туйғуни пул билан ўлчади. Бу жараёнда у нафақат ахлоқ-одоб меъёрларини, балки қонун талабини ҳам қўпол тарзда бузди. Таниши бўлган қизнинг сирларини ошкор этмаслик учун нақд 2 минг доллар миқдорида пул талаб қилди. Акс ҳолда…
Ўшанда С. Холматов гурланлик Нилуфар Шарипова (исм-шарифлар ўзгартирилган)нинг қариндошлари хонадонида ишлар, яқин орада оила қуриш ниятини эса, яширмасди. Унинг бу ниятидан Нилуфарнинг холаси Зевар опа ҳам хабар топади. Зевар опа ҳаялламай С. Холматовнинг қўйнига қўл солади. Нияти қатъий эканини билгач, жияни Нилуфар билан учраштиради. Орадан кўп ўтмай икки ёшнинг кўнглида илиқ муносабат пайдо бўлади.
Шундан сўнг С. Холматов ишлаб, рўзғор юкини енгиллатиш ва бўлғуси тўй учун маблағ жамғариш мақсадида 2020 йилнинг ноябрь ойида хорижга жўнаб кетади. Орадан ярим йилдан кўпроқ вақт ўтгач, у қайтиб келади ва яна Нилуфар томон ошиқади. Аммо Нилуфар унга опаси билан гаплашиб олиши зарурлигини айтади. С. Холматов Нилуфарнинг опаси билан учрашади. Ўз навбатида, опа гапнинг дангалини айтади, тўғрироғи, оғир шарт қўяди: синглимни кўп қаватли уйда яшайдиган, ўқимаган одамга ҳеч қачон турмушга бермаймиз!
Буни эшитиб, С. Холматовнинг орзуи саробга айланади. Аммо у барибир бўш келмайди. Дардини Нилуфарга тўкиб солади. Аммо С. Холматовнинг айтишига қараганда, кейинчалик воқеалар оқими ўзгача ўзанга кўчган.
Нилуфарнинг ўзи ҳам оғир шартларни ўртага қўйган. У С. Холматовдан пул ва тилла тақинчоқлар олиб беришни талаб қилган. С. Холматов унинг талабини тўлиқ адо этгани, сарф-харажатларнинг умумий миқдори 2 минг АҚШ долларига етганини алоҳида таъкидлайди. Маълум бўлишича, Нилуфар ҳам С. Холматовнинг сўзини ерда қолдирмаган, улар Урганч шаҳридаги яқин танишлари хонадонида пинҳона учрашиб туришган.
Шундай учрашувларнинг бирида С. Холматов Нилуфар аллақачон ўз иффатини йўқотганини билиб қолади. У бунга изоҳ сўраганда, Нилуфар турли хил баҳоналарни қалаштириб ташлайди. Бироқ бунга қарамай С. Холматов барибир ниятидан қайтмайди, унга уйланишга сўз беради.
Шундан сўнг Нилуфар С. Холматовдан уйига совчилар юборишни талаб қилади. Аммо ҳадеганда совчилардан дарак бўлмайди. Шу орада томонларни яна низога етаклаган бошқа бир жиддий воқеа ҳам рўй беради. Нилуфар С. Холматовга қўнғироқ қилиб, уйига Сардор Маткаримов деган йигитдан совчилар келиб-кетгани, унга турмушга чиқишига ота-онаси ҳам, ўзи ҳам рози эканини маълум қилади.
С. Холматов буни эшитиб, ҳуши бошидан учади. У ўзини алдангандек ҳис этади ва Нилуфарни жиддий огоҳлантиради: Сардордан воз кечмаса, бир неча ҳафта муқаддам пинҳона учрашувда маълум бўлган ҳолат ва бошқа далилларни ошкор қиламан, дейди.
Буни эшитиб, табиийки, Нилуфар ҳам ночор аҳволга тушиб қолади. Шу боис у С. Холматовга инон-ихтиёри ўзида эмас, балки ота-онаси ва бошқа яқинларининг қистови билан турмушга чиқаётганини тушунтиради.
Лекин орадан кўп ўтмай Янгибозор туманининг Оёқдўрмон қишлоғида катта тўй бўлади. Буни кўриб, С. Холматов аламдан ўзини қўярга жой тополмай қолади, қаҳр билан Нилуфарга ўзининг ғараз ниятини айтади.
Нилуфар эса, унга ўртадаги ришта узилгани, буёғига ўзининг шахсий турмушига аралашмасликни талаб қилади. Аммо С. Холматов бунга унамайди — шум ниятини амалга оширишга киришади. У куёв бўлмиш Сардорга қўнғироқ қилиб, Нилуфар билан ўрталарида кечган воқеани айтиб беради. Сардор бунга ишонмайди. Шундан сўнг С. Холматов унинг қўл телефонига Нилуфарнинг беҳаё суратларини юборади. 17 та суратни кўриб, Сардор ғазаб ва қаҳр билан Нилуфардан изоҳ талаб қилади.
Нилуфар эса, бу суратларнинг бари сохта ва ясама эканини таъкидлашдан чарчамайди. Йўқ, суратлар қалбаки эмасди. Буни пировардида суд ва тергов жараёнида Нилуфарнинг ўзи ҳам тан олди.
Унинг айтишича, С. Холматов бу суратларни ошкор қилмаслик эвазига 20 миллион сўм талаб қилган.
Қисқаси, Нилуфарнинг оиласи бузилади, у ота уйига қайтиб келади.
Шундан сўнг ҳам С. Холматов ғараз ниятидан қайтмаган, Нилуфарни ҳол-жонига қўймай ундан 20 миллион сўм беришни талаб қилади. Ҳаёти пароканда бўлган Нилуфарнинг ҳам сабр косаси тўлиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилади.
Қисқаси, Нилуфар С. Холматовга 20 миллион сўм беришга рози эканини айтади. Бундан С. Холматов хурсанд бўлади. Улар ўша куннинг ўзидаёқ Янгибозор тумани марказидаги истироҳат боғи яқинида учрашадилар.
Нилуфар ваъда қилинган 20 миллион сўмнинг 18 миллионини унинг қўлига беради. С. Холматов пулнинг қолган қисмини ҳам тезроқ беришни талаб қилади.
Бироқ С. Холматов пулни олиб, узоққа кетишга улгурмайди, у жиноий қилмиш устида қўлга тушади. Аммо у қилмиши фош этилса-да, айбини тўлиқ тан олмайди. Нилуфар қарзининг 18 миллионини қайтарганини, яна икки миллион сўм бериши лозимлигини таъкидлайди. Унинг бу важлари суд ва тергов жараёнида синчиклаб текшириб чиқилди. Йўқ, факт ва далиллар унинг бу важини тасдиқламади, аксинча, рад этди. Шу боис суд унга нисбатан Жиноят кодексининг шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузишга оид 141-1-моддаси 2-қисмининг оғир оқибатли қилмишни ифодаловчи “а” банди ва товламачиликка тааллуқли 165-моддаси 1-қисми бўйича қўйилган айбни эътироф этди.
Ўрни келганда шуни қайд этиш жоизки, инсоннинг шахсий ҳаётига дахлдор сирни ошкор этишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Қонун талабига кўра, бундай қилмиш тегишли жазога сабаб бўлади.
Суд С. Холматовнинг қилмишини атрофлича муҳокама қилди.
Жабрланувчи ва гувоҳларнинг холисона кўрсатмаларига суянди. Бу жараёнда ҳам кўпгина ҳолатларга ойдинлик киритилди. Хусусан, ушбу қилмиш унинг олдини олиш имконияти мавжуд бўлган бир вазиятда рўй бергани аён бўлди. Судда жабрланувчи сифатида кўрсатма берган С. Маткаримовнинг таъкидлашича, хонадонига келин бўлиб тушган Н. Шарипова ундан ҳақиқатни атай яширган. Агар Н. Шарипова бошидан кечирган воқеаларни ўз вақтида айтганида, тўй бўлмас, пировардида ҳеч кимнинг боши ғалвага қолмас, иш эса, суд ва терговгача етиб келмасди.
Судда Янгибозор тумани “Оча-қалъа” маҳалла фуқаролар йиғини раиси З. Қўшоқова судланувчи ва унинг оиласи аъзоларини ижобий тарафдан таърифлади.
Суд ушбу ҳолатларнинг барини қонун тарозусига қўйди. Айбни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи жиҳатларга аниқлик киритди ва судланувчига Жиноят кодексининг юқорида қайд этилган моддалари асосида жазо тайинлашни лозим топди. Айбланувчи Жиноят кодекснинг ҳар иккала моддаси бўйича 3 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Жиноят ишлари бўйича вилоят судининг аппеляция ҳайъати дастлабки босқич судининг шу юзадан чиқарган ҳукмини ўзгаришсиз, маҳкумнинг шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдирди.
Томонларга ушбу жиноят натижасида етказилган моддий ва маънавий зарарларни фуқаролик суди орқали ундириш ҳуқуқи тушунтирилди.
Муқаддас ва мўътабар оила қўрғонига беписанд муносабатда бўлиш оқибати шундай якун топди.
Бу ўз навбатида, катта ҳаётга қадам қўяётган ёшлар дунёқарашида оилавий қадрият ва анъаналарни янада чуқурроқ сингдириш лозимлигини кўрсатади. Ҳолбуки, оила тинч ва мустаҳкам бўлса, жамиятимиз ҳам ривож топади, фарзандлар баркамол инсон бўлиб вояга етади.
Музаффар Самандаров,
Хоразм вилояти суди судьяси