Бугун 13 сентябрь, 2025 йил, шанба

O'ZB

Хоразмда 5 кишини ўлдирган "пойга": ҳайдовчи ва ЙПХ ходимларига ҳукм ўқилди

Хоразмда 5 кишини ўлдирган "пойга": ҳайдовчи ва ЙПХ ходимларига ҳукм ўқилди

Хоразмда 5 кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчи ва ЙПХнинг 2 нафар ходими жиноий жазога тортилди.

Kun.uz танишган суд ҳужжатида келтирилишича, 2024 йил 27 сентябр куни соат 18:00 ларда Шаҳзод Шамуратов (2005 йилда Хива туманида туғилган) ўзининг Cоbаlt машинасини 4Р-163 «Боғот-Янгиариқ-Хива» автомобил йўли бўйлаб бошқариб бораётиб, йўлнинг қарама-қарши йўналишига чиққан ҳолда уяли телефонидан фойдаланган.

Буни кўрган Хоразм вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ саф бўлинмалари йўл-патрул хизмати баталёни 2-сафарбарлик гуруҳи йўл-патрул хизмати инспектори Дониёр Машарипов ҳайдовчига тўхташ ишорасини берган. Бироқ ҳайдовчи ЙПХ ходимининг қонуний талабига бўйсунмасдан ҳаракатланиб кетган.

Шунда Дониёр Машарипов ва у билан бирга хизмат олиб бораётган Руслан Матёқубов Onix русумли шахсий автомобилда ҳайдовчини қувлашга тушган. Уларнинг таъқибидан қочиб бораётган ҳайдовчи бошқарувни йўқотган ва йўлнинг қарама-қарши йўналишига чиқиб кетиб, ВАЗ-2106 машинаси билан тўқнашган.

ЙТҲ оқибатида ВАЗ-2106 машинасида бўлган 1954 йилда туғилган Р.К. воқеа жойида, 1957 йилда туғилган З.В., 2004 йилда туғилган ҳомиладор О.О. 2014 йилда туғилган И.О. ҳамда 2020 йилда туғилган Э.Қ. шифохонада вафот этган. 2009 йилда туғилган Б.О. эса оғир тан жароҳати олган. Вафот этганларнинг барчаси бир оила вакиллари бўлишган.

Ҳолатни кўрган ЙПХ ходимлари Руслан Матёқубов ва Дониёр Машарипов биринчи ёрдам кўрсатиш ўрнига воқеа жойидан қочиб кетишган.

Шаҳзод Шамуратов судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган.

«ЙПХ ходимининг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан Хива тумани томонга қараб ҳаракатланиб қоча бошладим. Шу пайти орқамдан қора рангли Onix машинаси қувиб етиб келди. Унда 2 нафар ЙПХ ходими ўтирганини кўрдим. Шундан кейин тезликни ошириб, олдимдаги светофорнинг қизил чироғида ҳам тўхтамасдан ўтдим. ЙПХ ходимлари ҳам светофорнинг қизил чироғида ўтиб, сигнал чалиб, машинанинг олд чироқларини ёқиб-ўчирган ҳолда қувиб келишди. 110-120 км/соат тезликда ҳаракатланган бўлсам-да, улар мени 50-100 метр масофада яқин келиб, қувишди.

Тахминан 2-3 км масофадан кейин хавфли бурилишга келганимда, бошқарувни йўқотиб, катта тезликда қарама-қарши томонга ўтиб кетдим ва ВАЗ-2106 русумли автомашина билан тўқнашдим», деган у суддаги кўрсатмасида.

Суд ҳукми билан Шаҳзод Шамуратов Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлиши) содир қилишда айбли деб топилган. Унга 3 йил транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

ЙПХ ходимлари – 1993 йилда туғилган Руслан Матёқубов ва 1986 йилда туғилган Дониёр Машарипов Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми “а”банди, 117-моддаси (Хавф остида қолдириш) 3-қисми “а” банди, 206-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан 2 йил ИИВ тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилган. Жазони манзил-колонияда ўташ белгиланган.

Хоразм вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 10 июндаги ҳамда Хоразм вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2025 йил 10 сентябрдаги ажрими билан дастлабки суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги қарори билан Йўл-патрул хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида низом тасдиқланган.

Ушбу Низомнинг 48-бандига кўра, ўзининг шахсий хавфсизлиги ва ҳаракат қатнашчилари хавфсизлигини таъминлаш учун таъқиб қилиш ёки кузатиш вақтида ЙПХ ходими қуйидагиларга амал қилиши лозим:

  • патрул автомобилида махсус чироқ-маёқча ва товушли сигналлар мунтазам ёқилган ҳолатда бўлиши;
  • аниқ шарт-шароитлардан келиб чиққан ҳолда ҳаракат тезлигини танлаши;
  • саф бўлим (бўлинма) ёки ИИБ навбатчисига ўзининг кетаётган жойи, қаердалиги ва ҳаракатнинг йўналиши тўғрисида маълум қилиб туриши;
  • йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларини ҳушёрлик ва эҳтиёткорлик чораларини кўришлари бўйича хабардор қилиб бориши;
  • таъқиб қилиш ва кузатиш жараёнида транспорт воситасининг ҳаракатланишини чеклаш чораларини кўриши.

ЙПХ ходими таъқиб қилиш ёки кузатиш вақтида йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли ҳаракатлар содир этмаслиги лозим.

Киритилди: 18:22 12.09.2025. Ўқилди: 1404 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!