Туркия ва Хитой умумий қиймати қарийб 15 млрд долларни ташкил этувчи энергетика лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувга эришди. Лойиҳа доирасида умумий қуввати 7 минг МВт бўлган қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, янги энергия сақлаш тизимларини яратиш ҳамда 4 минг МВт қувватга эга электр энергиясини узатиш инфратузилмасини ривожлантириш режалаштирилган.
Бу ҳақда Туркия энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарслан Байрактар Анталия шаҳрида бўлиб ўтаётган COP31 иқлим конференцияси доирасида Хитой Миллий энергетика бошқармаси билан ўзаро англашув меморандуми имзоланганидан сўнг маълум қилди.
Вазирнинг таъкидлашича, келишув нафақат қайта тикланувчи энергетика қувватларини ошириш, балки шамол турбиналари учун ускуналар ишлаб чиқаришни мамлакатнинг ўзида йўлга қўйишни ҳам назарда тутади.
Байрактар ҳамкорлик доирасида технологиялар трансфери амалга оширилиши ва бу миллий саноат салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди.
Шунингдек, у эришилган келишувлар Туркиянинг «Энергетика — 2040» миллий концепциясига мос келишини таъкидлади. Ушбу лойиҳалар мамлакат энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва экологик тоза энергия манбаларига ўтиш жараёнини жадаллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.