Хитой молия вазирлиги маълум қилишича, Европа компанияларига қиймати "45 миллион юань (тахминан $6,3 миллион)" дан ортиқ бўлган тиббий ускуналарни етказиб бериш бўйича давлат тендерларида иштирок этиш тақиқланди.
Шунингдек, Хитой учинчи давлатлардан импорт қилинадиган тиббий ускуналарга нисбатан ҳам чекловлар жорий қилмоқда — агар ускунанинг 50 фоиздан ортиқ қисмлари Европа Иттифоқида ишлаб чиқарилган бўлса, уларни импорт қилиш мумкин эмас.
Аммо бу тақиқ Хитой ҳудудида жойлашган Европа компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларга тааллуқли эмас — бундай корхоналар тендерларда иштирок этишда давом этиши мумкин.
Бу чоралар Хитой ва Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо низоси доирасида жорий қилинмоқда. Пекин, шунингдек, ЕИдан олиб кириладиган бренди спиртли ичимликларига нисбатан антидемпинг божлари ва нарх мажбуриятлари жорий этилишини эълон қилди — бу чоралар кейинги 5 йил давомида амал қилади.
Аввалроқ, 2024 йил 20 июн куни Европа Комиссияси Европа Иттифоқида 5 миллион евро ва ундан ортиқ қийматдаги тиббий ускуналарни харид қилиш тендерларидан Хитой компанияларини чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилган эди.