БМТнинг Статистика бўлими маълумотларига кўра, 2023 йилда дунё саноат ишлаб чиқаришининг қарийб учдан бир қисми — аниқроғи 29 фоизи — Хитой ҳиссасига тўғри келган. Бу билан Хитой нафақат саноат гигантига айланган, балки иккинчи ўриндаги АҚШни деярли 12 фоизга ортда қолдирган. Эътиборлиси шундаки, илгарилари саноат соҳасида етакчи бўлган АҚШ 2010 йилдан бошлаб бу позицияни Хитойга бой берган.
2023 йилда Хитойнинг саноат сектори орқали яратилган қўшилган қиймат 4,8 триллион долларга етган ва бу мамлакат иқтисодиётининг 27 фоизини ташкил этган. АҚШда эса бу кўрсаткич анча паст — бор-йўғи 10 фоиздан озгина кўпроқ. Бошқача айтганда, бугунги кунда АҚШ иқтисодиёти саноатга энг кам боғлиқ бўлган етакчи мамлакатлардан бири ҳисобланади. Бу борада унга фақат Франция яқинроқ.
Хитойдан ташқари яна бир қатор мамлакатлар — Ирландия, Камбоджа, Жанубий Корея, Вьетнам ва Таиландда ҳам саноат иқтисодиётда 25 фоиз ёки ундан ортиқ улушга эга. Лекин саноат ҳажми жиҳатидан бу давлатлар Хитойга ҳеч қайси жиҳатдан яқин эмас.