Пекин чўл ҳудудларида қурилган ушбу макетлардан узоқ масофага мўлжалланган қуролларни синашда ва Тайван атрофидаги эҳтимолий можарога тайёргарлик кўришда фойдаланмоқда. Бу ҳақда Хитойнинг турли ҳудудларидаги полигонларда олинган сунъий йўлдош суратларига таяниб Business Insider хабар берди.
Маълум қилинишича, Хитой узоқ вақтдан бери нафақат АҚШ ҳарбий кемалари, балки уларнинг авиабазалари, қирувчи самолётлари, ҳарбий-денгиз базалари ва ҳатто Тайван пойтахти Тайпейдаги ҳукумат кварталининг моделларини ҳам қуриб келмоқда.
Экспертлар фикрича, улар Тайван пойтахтини штурм қилиш сценарийларини машқ қилишга мўлжалланган. Жанес компанияси таҳлилчиси Шон О'Коннорнинг таъкидлашича, ҳарбийлар амалда реал шароитларга максимал даражада тайёргарлик кўришни машқ қилмоқда.
Хитой Япониядаги “Йокосука” ва Тайвандаги “Суао” ҳарбий-денгиз базаларининг нусхаларига ҳам эга. Сунъий йўлдошдан олинган суратларга кўра, Пекин у ерда кемалар ва причалларнинг нусхаларига зарбалар бериб, ракета синовларини ўтказган. Мутахассислар бундай машғулотлар узоқ масофали қуроллар, хусусан, гипертовушли кемага қарши ракеталар ва баллистик мажмуаларнинг самарадорлигини текшириш имконини беради, деб ҳисоблайди.
Таъкидланишича, реал объектларнинг макетларида ўтказилаётган бундай машғулотлар нафақат амалий, балки психологик вазифани ҳам ўтайди. Америкалик ҳарбий эксперт Томас Шугартнинг сўзларига кўра, бундай полигонларнинг намойиш этилиши Япония, АҚШ ва Тайван учун Хитойнинг эҳтимолий ҳарбий қарама-қаршиликка тайёр экани ҳақидаги сигналдир.