Бугун 5 декабрь, 2025 йил, жума

O'ZB

Халқаро жиноят суди БМТни ҳибсга олиш ордерларини бажаришда ёрдам беришга чақирди

Халқаро жиноят суди БМТни ҳибсга олиш ордерларини бажаришда ёрдам беришга чақирди

Халқаро жиноят суди (ХЖС) президенти, япон судьяси Томоко Акане БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида сўзлаган нутқида ташкилотга аъзо давлатларни суд чиқарган ҳибсга олиш ордерларини бажаришга кўмаклашишга чақирди.

Акане БМТ Бош Ассамблеясининг йиғилишида суднинг йиллик ҳисоботини муҳокама қилиш чоғида шундай баёнот берди. Унинг сўзларига кўра, суд томонидан ошкора эълон қилинган 33 та ҳибс ордери ҳали ижро этилмаган.

“Суд БМТга аъзо барча давлатларни ХЖС ордер берган шахсларни ҳибсга олиш ва топширишда ҳамкорлик қилишга чақирмоқда”, — деди у.

Судья айниқса Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва собиқ мудофаа вазири Ёав Галлантга нисбатан чиқарилган ҳибс ордерларига тўхталиб, “ҳибсга олиш ордерларини давлатлар ёрдамисиз амалга ошириш мумкин эмас”, — деб таъкидлади.

Акане Рим статутини имзолаган давлатларни ўз қонуний мажбуриятларини бажаришга қатъий чақирди. Унинг таъкидлашича, сиёсий ва амалий қийинчиликларга қарамасдан, суд халқаро адолатни таъминлаш вазифасига содиқ қолмоқда.

Шу билан бирга у судга турли шаклларда ёрдам берган давлатлар ва ташкилотларга миннатдорлик билдириб, “уларнинг ёрдамисиз суд жазосизликка қарши курашни давом эттира олмайди”, — деди.

Аканенинг таъкидлашича, БМТга аъзо ҳар бир давлат нафақат ўз миллий манфаатларини, балки бутун халқаро тартибни ҳам ифода этади. Суд фаолияти эса уруш ва можаро қурбонларига ўз ҳикояларини баён этиш имконини беради, қонун устуворлиги эса глобал барқарорликка ҳисса қўшади.

Маълумот учун, ХЖС 2024 йил 21 ноябрда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва собиқ мудофаа вазири Ёав Галлантни Ғазо секторида уруш ва инсониятга қарши жиноятларда айблаб, уларни ҳибсга олиш ордерини чиқарган эди.

Бунга жавобан АҚШ президенти Дональд Трамп 2025 йил 6 февралда ушбу қарор учун ХЖСга нисбатан санкциялар жорий этиш ҳақида фармон имзолаган.

Киритилди: 13:42 12.11.2025. Ўқилди: 1137 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!