Халқаро бокс ассоциациясининг Москва билан яқин алоқаларга эга раҳбари Трампни ўғлини тўйига юз минглаб доллар сарфлади.
АҚШ президенти Доналд Трампнинг ўғли Кичик Доналд Трампнинг Багама оролларида ўтказилган тўйи харажатларининг бир қисмини россиялик тадбиркор ва Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) раҳбари Умар Кремлёв тўлади. Бу ҳақда ProPublica нашри тегишли ҳужжатлар ва маросим тафсилотларидан хабардор бўлган учта манбасига таяниб ёзмоқда.
Нашр маълумотларига кўра, Кремлёв “юз минглаб долларлик” харажатларни, жумладан, орол ижараси (бир кеча учун қарийб 100 минг доллар), мушакбозлик (тахминан 70 минг доллар) ва тадбирни ташкиллаштиришни ўз зиммасига олган. Тўлов IBA билан боғлиқ бўлган Дубайдаги тузилма томонидан амалга оширилган. Тўй харажатларини Кичик Трампнинг ўзи ҳам тўлаши мумкин эди, Forbes унинг бойлигини 300 миллион долларга баҳолайди.
"Кичик Трампнинг сўзларига кўра, тадбирга “фақат яқин дўстлар” — жами 50 га яқин меҳмон йиғилган. Бироқ, меҳмонлар орасида рус тилида сўзлашувчи катта гуруҳ бўлган ва уларнинг иштироки бошқа таклиф қилинганларни ҳайратда қолдирган. Бу гуруҳ таркибида "инглиз тилида ёмон гапирадиган" Кремлёв ҳам бор эди", деб ёзади ProPublica.
Кичик Доналд Трампнинг вакили Кремлёвни "Доннинг шахсий дўсти" деб атади ва уларни "боксга ҳамда табиат қўйнида дам олишга бўлган умумий муҳаббат заминидаги мутлақо шахсий муносабатлар" боғлаб туришини таъкидлади. АҚШ президентининг бошқа ўғли Эрик Трампнинг вакили эса Кремлёвнинг исмини ҳеч қачон эшитмаганини маълум қилди.
Кремлёв IBA'га 2020 йилдан буён раҳбарлик қилиб келади. Унинг даврида ташкилот Россиянинг “Газпром” компаниясидан ўнлаб миллион доллар олган. 2023 йилда Халқаро олимпия қўмитаси IBA'ни бокс бўйича олимпия турнирларини ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум қилди, бунга бошқа сабаблар қаторида ташкилотни молиялаштиришнинг шаффоф эмаслиги ҳам сабаб бўлган.