Хакерлар Британия Ташқи ишлар вазирлиги ходимларининг электрон почта аккаунтларини бузиб киришди ва уларнинг ҳукумат аккаунтлари ва пароллари ҳақидаги маълумотларни сотувга қўйишди.
Бу ҳақда The Daily Telegraph нашри хабар бермоқда.
Нашрнинг хабар беришича, хакерлик ҳужуми натижасида чет элда, жумладан, Таиланд ва Маврикийдаги элчихоналарда ишлайдиган дипломатик ходимларнинг маълумотлари фош бўлган.
Шунингдек, хакерлар Англиянинг Дербишир округи ва Лондоннинг Уолтем Форест туманидаги шаҳар кенгаши ходимларининг аккаунтларига кириш ҳуқуқига эга бўлишган.
ОАВ хабарларига кўра, ўғирланган маълумотлар интернетда 60 минг долларга сотилмоқда.
Илгари, Британия Мудофаа вазирлигининг махфий ҳужжатлари армиянинг энг йирик ҳарбий базаси яқинидаги ахлатхонада топилгани ҳақида хабар берилган эди. Уларда ҳарбий хизматчиларнинг шахсий маълумотлари, қурол сақлаш, қўриқчини алмаштириш, хавфсизлик қоидаларини бузиш ва фавқулодда вазиятларга жавоб бериш протоколлари мавжуд эди.