Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ ҳимоячиси Виталий Денисов Россия ва Ўзбекистон миллий жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказилиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирди.
Унинг таъкидлашича, бундай баҳс ҳар икки томон учун яхши синов бўларди ва футболчиларни жиддий рағбатлантирарди. Денисовнинг айтишича, Ўзбекистон терма жамоаси рақобатбардош футбол кўрсата олади ва ўйин ўтказилса, у ўз миллий жамоасини қўллаб-қувватлайди.
— Биз, Ўзбекистон терма жамоаси, майдонда кўрсата оладиган жиҳатларимиз кўп. Ҳеч кимни ранжитишни истамайман, лекин табиийки, мен Ўзбекистон термасига мухлислик қиламан. Бу учрашувда ҳар икки жамоага ҳам осон бўлмайди, шу боис ўйин қизиқарли кечар эди, — деб Денисовнинг сўзларини келтиради «Советский спорт».
Ҳозирда ФИФА рейтингида Россия 33-ўринда, Ўзбекистон эса 54-ўринда жойлашган.