Мадриднинг "Реал" клуби ҳужумчиси Винисиус Жуниор жамоанинг янги бош мураббийи Хаби Алонсо ҳақида гапирди.
Испаниялик мутахассис май ойи охирида лавозимини тарк этган Карло Анчелотти ўрнини эгаллади. 18 июнь куни "қаймоқранглилар" янги мураббий қўл остида клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи 1-туридан ўрин олган Саудия Арабистонининг "Ал-Ҳилол" жамоасига қарши ўйинда дебют қилади.
"Биз Хаби Алонсо даврида жуда қаттиқ машқ қиляпмиз, аммо бугун парвоз туфайли машғулотлар осонроқ ўтди. Бўлажак ўйинга ҳозирдан тайёргарлик кўряпмиз. Мураббий билан аввал ҳам мулоқотда бўлганман, менга ҳаммаси ёқади. Муваффақиятларга эришиш учун ишлашда давом этишимиз керак," - дея бразилияликнинг сўзларини келтиради Madrid Xtra.