Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича музокаралар кластерларини очиш фақат 2026 йил апрелида Венгрияда бўлиб ўтадиган парламент сайловларидан кейин мумкин бўлади, у эса, эҳтимол, амалдаги бош вазир Виктор Орбан партиясининг ҳокимиятни йўқотишига олиб келади. Бу ҳақда 26 сентябр, жума куни исми ошкор қилинмаган Европа Иттифоқининг юқори мартабали амалдори DW билан суҳбатда маълум қилди.
Венгрия Киев барча зарур шартларни бажарганига қарамай, Украина билан Европа Иттифоқига кириш бўйича музокараларнинг биринчи кластерини очишга тўсқинлик қилмоқда. «Ҳозирда Венгриянинг ветосини бекор қилишнинг ҳеч қандай йўли йўқ», деб таъкидлади манба.
У Европа Иттифоқига номзод давлатлар билан музокаралар кластерларини очиш қарорлари фақат бир овоздан қабул қилинишини эслатиб ўтди. Гарчи ЕИда бу ёндашувни ўзгартириш ва бундай қарорларни кўпчилик овоз билан қабул қилиш бўйича «мунозаралар» бўлиб ўтган бўлса-да, бу «шунчаки гап» бўлиб қолди.
Бундай вазиятда ягона «реал ечим» барча техник ишларни «олдиндан якунлаш, токи Орбан кетганида биз Украина билан музокараларга тайёр бўлайлик», деб ҳисоблайди DW манбаси.