Венгрия президенти Каталин Новакнинг расмий истеъфоси 15 кун ичида қабул қилинади. Март ойида эса мамлакатда президентлик сайлови бўлиб ўтади. Бу ҳақда Daryo хабар берди.
Парламент амалдаги президентнинг истеъфосини 15 кун ичида қабул қилади, шундан кейин 30 кун ичида янги давлат раҳбари сайланиши лозим. Президент Каталин Новак болаларга нисбатан жинсий зўравонликда айбланган шахсни афв этгани ортидан истеъфога чиқишини эълон қилди. У мухолифатнинг президентни парламент томонидан эмас, балки тўғридан тўғри сайлаш кераклиги ҳақидаги фикрини қўллаб-қувватлади.
Венгриялик юрист Мате Кочишнинг фикрича, мухолифат бу масалани кўтармаслиги лозим, чунки Новак ҳокимиятда бўлганида бундай ечимни амалга оширишдан манфаатдор бўлмаган бўлар эди. Венгрия собиқ адлия вазири Юдит Варга ҳам президентнинг истеъфосидан сўнг сиёсатдан кетишини эълон қилди. Варга депутатлик мандатидан воз кечишини ва Европа парламентига сайловларда Венгрия “Фидес” партияси рўйхатини бошқармаслигини айтган.