Ynet нашрининг ёзишича, юқори мартабали исроиллик манбалар бўлажак келишув мамлакат манфаатларига зарар етказади ҳамда Эроннинг ядровий ва ракета дастурлари билан боғлиқ асосий таҳдидларни бартараф этмайди, деган фикрда.
"Бизнинг овозимиз эшитилмаяпти. Бу ёмон келишув. Бундан ҳеч ким мамнун эмас. Ҳамма бу биз учун ёмон эканлигини ва Исроил манфаатларига зарар етказишини тушуниб турибди" — дейди нашр суҳбатдошларидан бири.
Бошқа бир манба эса бундан ҳам кескинроқ фикр билдирди: "Трамп бизни тузоққа тушириб кетди".
Исроилнинг яна бир расмий вакили Ynet нашрига маълум қилишича, минтақада ушбу келишув Эрон томонидан ўтказилган босим ва Қўшма Штатларнинг ён босиши натижаси ўлароқ қабул қилинмоқда. Унинг сўзларига кўра, қисқа муддатли истиқболда бундай шартнома муваффақиятсизлик деб ҳисобланади.
Исроилдаги манбалар, шунингдек, келишувнинг узоқ муддатли бўлишига шубҳа билдирмоқдалар ва унинг муваффақиятини белгиловчи асосий мезон — Эроннинг бойитилган уран захиралари ҳақиқатда мусодара қилиниши ва йўқ қилиниши бўлади, деб ҳисоблашади. Агар бу содир бўлмаса, шартнома борасидаги хавотирлар янада кучаяди, дейилади нашр хабарида.