Хабарларга кўра, Италия пойтахти кўчаларига миграция тарафдорлари ва рақибларининг ўн минглаб иштирокчилари намойишга чиқди. Бунга 50 минг имзо тўплаб, парламент муҳокамасига киритилган "реэмиграция" тўғрисидаги қонун лойиҳаси сабаб бўлди.
Гап ноқонуний мигрантларни депортация қилиш ва мамлакатга кириш қоидаларини кучайтиришни таклиф қилувчи "Remigration and Conquest" (Реэмиграция ва қайта забт этиш) фуқаролик ташаббуси ҳақида бормоқда. "Реэмиграция" (мигрантларни мамлакатдан ҳайдаб чиқариш) термини сўнгги йилларда Европадаги ўта ўнгчилар томонидан фаол қўлланилмоқда.
Ўнг қанот марши бир неча минг иштирокчини тўплади. Намойишчилар миграция сиёсатини кучайтиришни ва чет элликларни депортация қилишни талаб қилишди. Айримлар Муссолини даврига ишора қилувчи шиорларни ҳайқиришди. Бунга жавобан Римнинг бошқа бир туманида чап қанот кучлар ва касаба уюшмалари томонидан ташкил этилган, мигрантларни қўллаб-қувватловчи кўп минг кишилик акция бўлиб ўтди.
Иштирокчилар ксенофобия ва камситишга йўл қўйиб бўлмаслигини маълум қилишди. Ҳукумат тўқнашувларнинг олдини олиш учун минглаб полициячиларни жалб қилди. Натижада митинглар зўравонликсиз ўтди. Миграция бўйича баҳслар Жоржа Мелони ҳукумати сиёсатидаги асосий мавзулардан бири бўлиб қолмоқда, дейилади хабарда.