Венгрия 2027 йил октябрига қадар Россиядан қувур орқали олинадиган газ импортини тўхтатишга тайёр. Бу ҳақда мамлакат иқтисодиёт ва энергетика вазири Иштван Капитаний маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Венгрия ҳозир қўшни давлатлар ва суюлтирилган табиий газ етказиб берувчилар билан музокара олиб бормоқда. Вазир мамлакат газ таъминотини бошқа манбалар ҳисобига таъминлаш учун зарур инфратузилма мавжудлигини айтди.
Таҳлилчи Игорь Юшковнинг фикрича, Венгриянинг Россия газидан воз кечиши Россия экспорти ва газ қазиб чиқариш ҳажмига таъсир қилиши мумкин. Бироқ у Россиянинг Европа Иттифоқига газ экспорти 2022 йилдан буён кескин қисқарганини таъкидлади.
Унинг маълум қилишича, Россия Европа Иттифоқига газ етказиб беришни йилига қарийб 160 миллиард куб метрдан 18–19 миллиард куб метргача камайтирган. Шу билан бирга, Россия Хитой ва Марказий Осиёга газ етказиб беришни оширмоқда.