Мамлакатимизда буюк ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан йил давомида республика театрларида 18 та спектаклни саҳналаштириш режалаштирилган эди. Бугунги кунда 14 та спектакль томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Қолган тўрттаси ҳам йил охиригача саҳналаштирилиши кутилмоқда.
Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида маълум қилинди.
Сенаторлар Маданият ва Инновацион ривожланиш вазирликларининг 2019 йилнинг тўққиз ойи давомидаги фаолияти юзасидан ҳисоботини эшитди.
Маданият вазирлигининг жорий йил давомидаги фаолиятида 13 та мезон бўйича 44 та мақсадли вазифанинг амалга оширилиши белгиланган. Шундан 26 таси жорий йилнинг биринчи, учинчи чоракларида бажарилиши лозим эди. Уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида вазирлик томонидан муайян ишлар амалга оширилган. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳужжатларини расмийлаштириш мақсадида жами 5 минг 430 та маданий мерос объектининг манзилли рўйхати тузилган ва тасдиқланган.
– Жорий йилнинг 9 ойи давомида 69 та спектакль саҳналаштирилди, шундан 14 таси тарихий асардир, – деди маданият вазирининг ўринбосари Камола Окилова. – Бундан ташқари, республика давлат театрлари бўйича турли жанрлардаги жами 665 та спектакль бепул намойиш этилди. Ҳудудлардаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида 4 минг 45 нафар олий маълумотли мутахассис ўқитувчига эҳтиёж борлиги аниқланиб, камида уч йил меҳнат стажига эга 5 минг 131 нафар мутахассиснинг рўйхати шакллантирилди. Болалар мусиқа ва санъат мактаблари учун педагог кадрларни тайёрлаш бўйича Ўзбекистон давлат консерваториясида махсус сиртқи бўлим очилди.
Мажлисда вазирлик томонидан айрим вазифалар белгиланган муддатларда бажарилмаганлигига урғу берилди. Жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида 50 та истироҳат боғи фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган бўлиб, бугунга қадар тадбиркорлик субъектларининг бизнес-режа лойиҳалари вазирликнинг тегишли бошқармалари томонидан ҳалигача кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Сирдарё вилоятларида кўзи ожизлар учун кутубхоналар биноларини қуриш ишлари олиб борилиши муддати 2019 йилнинг I-III чораклари этиб белгиланган бўлса-да, бунинг ижроси ҳам таъминланмаган.
Таъкидланишича, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Сирдарё вилоятлари кўзи ожизлар кутубхоналари учун янги бино қуриш, 5 та авария ҳолатидаги туман кутубхонаси биноларини кўчириш белгиланган эди.
Кўзи ожизлар кутубхоналари янги биноларини қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган, аммо Молия вазирлиги томонидан керакли миқдорда маблағ ажратилмаганлиги сабабли қурилиш ишлари бошланмаган. Мазкур ҳолат бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Сирдарё вилоятлари кўзи ожизлар кутубхоналари учун янги бино қуришда зарур бўлган маблағлар ажратилиши юзасидан Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Молия вазирлигига тегишли кўрсатма бериш бўйича Маданият вазирлигининг хати Вазирлар Маҳкамасига киритилган.
Сенаторлар инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг ҳам ҳисоботини эшитди.
2019 йил давомида Инновацион ривожланиш вазирлиги зиммасига 42 та вазифа юклатилган. Хусусан, тегишли вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида халқаро нашрларда маҳаллий олим ва мутахассисларнинг илмий натижаларини, мақолаларини чоп этишга тайёрлаш ишларига кўмаклашиш бўйича “Proоfreading Service” хизмати йўлга қўйилган.
Шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари муаммоларини комплекс равишда ҳал этиш, республика худудларидаги илмий-техник ва инновацион фаолият натижаларини тижоратлаштириш мақсадида инновацион ишланмалар базаси шакллантирилган. Жумладан, соғлиқни сақлаш соҳаси, қишлоқ хўжалиги, саноат, таълим каби йўналишларда 270 дан ортиқ инновацион ишланма тайёрланган. Тижоратлаштирилаётган инновацион ишланмаларнинг сони 81 тага етказилиб, ҳудудлар бўйича 33 та лойиҳа амалга оширилган.
Шу билан бир қаторда, айрим вазифалар белгиланган муддатларда бажарилмаганлиги қайд этилди. Хусусан, 2019 йилнинг учинчи чораги давомида ижро этилиши белгиланган 16 та топшириқнинг 4 таси муддатидан кечиккан ҳолда бажарилаётганлиги маълум бўлди.
Шу муносабат билан Инновацион ривожланиш вазирлиги фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида қўмита аъзолари томонидан қатор тавсиялар билдирилди. Жумладан, “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини қисқа муддатларда Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига киритиш, минтақавий ва халқаро даражаларда кластерларни яратиш стратегияси ва дастурлари асосида тузилмаларни ривожлантириш бўйича ягона концепция тасдиқланишини таъминлаш лозимлиги таъкидланди.