Бугун 21 декабрь, 2024 йил, шанба

O'ZB

Вазир собиқ депутат Кобул Дусов ва ХТВ иши ҳақида гапирди: «Шунча одамни хоин дегани учун ким бўлишидан қатъи назар жавоб бериши керак»

Вазир собиқ депутат Кобул Дусов ва ХТВ иши ҳақида гапирди: «Шунча одамни хоин дегани учун ким бўлишидан қатъи назар жавоб бериши керак»

Ўзбекистонда таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳасини ривожлантириш масаласида қабул қилиниши кутилаётган Ўзбекистон президенти фармони лойиҳаси юзасидан 24 октябрь куни АОКАда матбуот анжумани ўтказилди. Ундан бир қатор вазирлик ва ташкилот раҳбарияти иштирок этди.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ОАВ вакилларининг саволларига жавоб қайтараркан, у ХТВ ва собиқ депутат Кабул Дусов иши бўйича ҳам ўз фикрларини билдирди.

«Вазирлик уни судга берган. Чунки у ўтириб олиб, тизимдаги барча ходимни хоин, деган. 700 мингли соҳани хоин дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ўзим ҳар доим айтиб келган тизимдаги мавжуд муаммоларни яна қайтариб, ўзимга айтиш шарт эмас. Лекин шунча одамни хоин дегани учун ким бўлишидан қатъи назар жавоб бериши керак. У хоҳ собиқ депутат бўлсин, хоҳ амалдаги депутат бўлсин. Яна таъкидламоқчиман, уни мен эмас, вазирлик судга берган. Инсон сифатида мен ҳам судга беришим мумкин эди аслида. Аммо дуч келган одам билан судлашмайман-ку. Кейин ҳозир вақтимни шунга сарфлаб нима қиламан?!», — деди Шерматов.

Маълумот учун, ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари билан кўпчиликка таниш собиқ депутат Кабул Дусов 2020 йилнинг 24 июнида интернетдаги саҳифаси орқали Халқ таълим тизимини танқид қилган эди. У ўз видеомурожаатида аттестация тизимининг коррупцияга ботганлиги, мактаблардаги шароитларнинг ёмонлиги, ўқитувчилар ойлиги пастлиги ҳамда тизимнинг оғир аҳволи ҳақида гапирганди.

Мазкур видеомурожаат туфайли Халқ таълими вазирлиги Кабул Дусов устидан фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судига даъво аризаси киритганди. Унда Дусовнинг танқидий видеомурожаати орқали вазирликнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатгани айтилади.

Шундан сўнг, Дусов ва вазирлик ўртасида бир неча маротаба суд мажлиси бўлиб ўтди. 23 сентябрь куни ўтказилган суд мажлисида судья Кабул Дусовнинг видеомурожаатида айтган сўзлари устидан суд-лингвистик экспертизаси тайинлаш ва уни ўтказишни Чирчиқ давлат педагогика институти зиммасига юклаш тўғрисида ажрим чиқарди. Ажримга кўра, мазкур фуқаролик ишини кўриш экспертиза хулосаси олингунга қадар тўхтатилди.

Киритилди: 18:18 25.10.2020. Ўқилди: 4052 марта. Фикрлар сони: 1 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!